Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Нўхат - бир марта суғориш билан етиладиган ўсимлик

23/Dekabr/2024 08:12
  1538

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Осиё–2001, Жасур–98 ва ҳ.к.

Уруғлик танлаш ва экишга тайёрлаш. Уруғлик учун йирик ва тўқ уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалаш билан бошланади, ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, текисланади ва 70–60 см кенгликда жўяклар олинади.

Экиш муддати. Республикамизда нўхат асосан ернинг тобга келишига қараб эрта баҳорда (март ойида) экилади.

Экиш меъёри ва схемаси. Нўхат 60×40; 60×45 см схемада экилади. Кўчат қалинлигида бир гектарга 60–80 кг уруғ сарфланади.

Парваришлаш. Нўхатдан юқори ҳосил етиштириш учун табиий намликдан ташқари (баҳор қуруқ келганда) бир марта суғориш тавсия этилади.

Нўхатнинг яхши ўсиб-ривожланиши ва табиий намликдан унумли фойдаланиши учун ўсув даврининг илк дамларида қатор ораларини юмшатиш, бегона ўтларни йўқотиш жуда ҳам муҳимдир.

Ўғитлаш. Нўхат органик моддаларга бой тупроқларда яхши ривожланади. Экишдан олдин ерга аммофос берилиши ўсимликларнинг бақувват бўлиб ўсишини таъминлайди ва ҳосилдорликни оширади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Республикамиз шароитида нўхатнинг касалликларидан аскохитоз (ўсимликни барг, поя ва дуккакларини зарарлайди), зараркунандалардан баргда ғовак ҳосил қилувчи пашша, ғўза тунлами қурти ва брухус қўнғизи кўп учрайди. Аскохитоз касалликларини олдини олиш учун уруғликни соғлом ўсимликлардан олиш, уруғларни яхшилаб тозалаш ва экишдан олдин Витавакс–200 ФФ 34% (10 кг уруғ учун 25 г), Раксил 2,5% эритмаси билан (10 кг уруғ учун 7 г), нўхат пашшаси, ғўза тунлами қурти ва брухус қўнғизига қарши эса ўсув даври давомида Фуфанон 57% билан кимёвий ишлов бериш зарур. Бу борада тегишли мутахассисларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Нўхат дуккакларининг 75–80 фоизи етилганда пояси билан йиғиб олинади ва қуритилади. Қуритилган дуккаклар янчиб тозаланади.

Нўхат поялари жодида майдаланади, илиқ сувда ивитилади ва кепакка аралаштирилиб молларга берилади. Пояларидан силос тайёрлаш ҳам мумкин.

М.Аманова

Улашиш: