Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хомток қилиш тартиби

21/Dekabr/2024 06:59
  1475

Токда шўралар пайдо бўлиши билан хомток қилинади. Новдаларда тўпгул ҳосил бўлиши билан ҳосил новдаларини ҳосилсиз новдалардан фарқ қилиш ва ортиқчасини юлиб ташлаш мумкин. Новдаларнинг узунлиги 40–50см га етганда улар симбағазга боғланади. Агар тўпгул ўрнига жингалак чиқса, бу новда ҳосилсиз бўлади. Ҳосил қилмаслиги аниқ бўлган новдаларни эрта хомток қилиш қўшимча миқдорда новдалар, шу жумладан ҳосил қиладиган новдаларнинг ривожланишига ёрдам беради. Хомтокни эрта гуллайдиган навлар бўлган майдонлардан бошлаш зарур. Токнинг кўп йиллик зангларидан ўсиб чиққан бачки новдалар биринчи навбатда олиб ташланади. Бунда токни шакллантириш ва зангнинг ўрнини босиш учун керак бўладиган бачки новдалар қолдирилади. Агар токда зарарланиш натижасида ёки бошқа сабабларга кўра кам новда ривожланган бўлса, ҳам бачки новдаларнинг бир қисми озиқланиш юзасини ошириш учун қолдирилади. Ҳар бир нав учун тупдаги ҳосил қилмайдиган новдалар нисбати олинадиган ҳосил ва новданинг ўсиш кучини, шунингдек, экологик ва агротехник шароитини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Масалан, суғориладиган ерларда етиштириладиган кишмишбоп навларда ҳар иккита ҳосилдор новдага бир-иккита ҳосилсиз новда қолдириш керак. Лалми токзорларда қиш, баҳор давридаги ёғингарчиликни ҳисобга олган ҳолда хомток қилинади. Бир вақтнинг ўзида олинадиган ҳосил миқдори нормаллаштирилади ва ҳар бир ҳосилдор новдага битта ҳосил қилмайдиган новда қолдирилади. Ёғингарчилик кам бўлган йилларда токнинг жуда кучсизланиб кетишининг олдини олиш мақсадида шўрали новдаларнинг учдан бир қисмини олиб ташлаш керак.Техник навларнинг кўпчилигида ҳосилсиз новдалар оз қолдирилади, чунки уларда кўп миқдорда шўралар яъни яшил новдалар ривожланади. Хомток қилишни имкони борича тезроқ тугатиш керак. Агарда ҳосил берадиган ва ўринбосар новдаларнинг бир жойи дан 2 ёки 3 та кўк новда ўсиб чиққан бўлса, бунда ҳосилли новда қолдирилиб, ҳосилсизлари олиб ташланади.

Биринчи хомток шўралар аниқ шакллангандан кейин ўтказилади. Буни шўра хомток, ток тўлиқ гулдан чиққандан кейин қилинадиган хомтокни ғўра хомток дейилади. Бу даврда ғўраларнинг катталиги тахминан мошдек, айрим ток навларида нўхатдек бўлиб қолади. Шўра хомток даврида кундадан ўсиб чиққан бақувват новдалардан 3–4 таси қолдирилиб, қолганларини чўкиртак қолдирмай кесиб ташланади. 3–4 та қолдирилган новдалар келгусида қариган зангларни ёшартиришда фойдаланилади. Кундада новдалар қолдиришда токнинг умумий ҳолатига қараш зарур.

Ғўра хомток қилишда шўра хомтокдан қолиб кетган ортиқча ва шу йилги новданинг қўлтиғидан ўсиб чиққан бачки новдалар танаси қотиб ёғочланмасдан қўлда аста-секин бир томонга қийшайтириб олиб ташланади. Ҳар бир хомтокдан кейин новдалар симбағазларга салгина тортиб боғланади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, айниқса, шўра хомтокдан кейин қолдирилган кўк новдалар жуда мўрт бўлади ва ён томони шўра хомтокда очилиб қолган бўлади. Шунинг учун хомток қилингандан кейин кўк новдаларни тезда боғлаш лозим, акс ҳолда салгина шамолга ҳам синиб кетади. Хомток ўз вақтида ўтказилса, ёзнинг биринчи ярмида токда кечадиган мураккаб биологик жараёнлар ҳам нормал шароитда ўтади, шу билан келгуси йил мўл ҳосил учун пухта замин тайёрланади.

Қўлтиқ (бачки) новдаларни юлиб ташлаш – Қўлтиқ новдалар барглар қўлтиғидан ўсиб чиқадиган иккинчи тартиб новдалардир. Кўпчилик маданий навларнинг тупида новдалар етарли миқдорда бўлса, бачки (қўлтиқ) новда чиқмайди, улар одатда, ҳосил берадиган новдалар кам бўлганда ўсиб чиқади. Қўлтиқ новдалар тупнинг пастки ва ўрта ярусидаги баргларни соялаб қўйиб, уларнинг ривожланишига анча тўсқинлик қилади, узум бошлари кеч пишади. Шунинг учун, қўлтиқ новдалар юлиб ташланади. Ток тупида асосий новдалар кам бўлса, яхши ривожланган қўлтиқ новдаларнинг бир қисми қолдирилиб, кейин улардан ҳосил берадиган новдалар шакллантирилади. Қўлтиқ новдаларнинг бир-иккитасининг учини чилпиб қолдирилади. Бунда улар ўсишдан тўхтайди ва озиқ моддалар асосий новданинг уйқудаги кўзчаларига оқиб боради, улар қўлтиқ новданинг пастки куртакларидир. Бундан ташқари, учи чилпиб ташланган қўлтиқ новдаларнинг барглари асосий новдадаги узум бошлари ғужумининг яхши пишиб, кўп шакар тўплашини таъминлайди.

Манба:  Узум етиштириш ва майиз қуритишнинг замонавий технологияси – Тошкент: «Sharq», 2013.

Улашиш: