Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Мош етиштириш бўйича тавсиялар

20/Sentabr/2024 05:26
  1679

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Маржон, Дурдона, Зилола, Наврўз, Радость ва ҳ.к.

Уруғ танлаш. Уруғлик учун йирик ва тўқ уруғлар танлаб олинади.

Ерни экишга тайёрлаш. Ерни экишга тайёрлаш ишлари ўтмишдош ўсимликларни қолдиқларини тозалаш билан бошланади, ер 20–25 см чуқурликда юмшатилади, текисланади ва 70 см кенгликда жўяклар олинади.

Экиш муддати. Республикамизда мош асосан июнь ойининг охири ва июлнинг бошларида экилади.

Экиш меъёри ва схемаси. Мош қўш қаторлаб экилганда (қатор ораси 60 см) уруғ сарфи 40–45 кг/га, қаторлаб (қатор ораси 60 см) экилганда эса 25–30 кг/га. ни ташкил этади.

Парваришлаш. Мошнинг яхши ўсиб-ривожланиши учун экин қатор ораларини юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш зарур.

Мошдан юқори ҳосил етиштириш учун ер ости суви чуқур жойлашган ҳудудларда уруғ сувидан ташқари яна икки марта суғориш тавсия этилади. Ер ости суви 1 метргача бўлган ерларда фақат уруғ суви берилади. Акс ҳолда ўсув даври узайиб, ҳосил пишиб етилмайди.

Ўғитлаш. Мош органик моддаларга бой тупроқларда яхши ўсиб-ривожланади. Экишдан олдин ерга аммофос берилиши ўсимликларни бақувват бўлиб ўсишини таъминлайди ва ҳосилдорликни оширади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Юртимиз шароитида мошнинг касалликларидан антракноз ва аскохитоз (ўсимликни барг, поя ва дуккакларини зарарлайди), зараркунандалардан брухус қўнғизи кўп учрайди. Антракноз ва аскохитоз касалликларининг олдини олиш учун уруғликни соғлом ўсимликлардан олиш, уруғларни яхшилаб тозалаш ва экишдан олдин Витавакс–200 ФФ нинг 34 фоизли эритмаси билан (10 кг уруғ учун 25 г) кимёвий ишлов бериш тавсия этилади.

Брухус қўнғизига қарши қўнғизининг оммавий уруғ қўйиш даври, яъни ўсимликларнинг тўла гуллаш даврида 5 фоизли Атилла эм.к. (10 л сувга – 20 мл) билан кимёвий ишлов берилади. Ишлов бериш жараёнини сифатли амалга ошириш учун мутахассисларга мурожаат қилиш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Мош дуккакларининг 75 фоизи етилганда пояси билан йиғиб олинади ва усти ёпиқ, шабадали айвонларда қуритилади. Қуритилган дуккаклар янчиб тозаланади.

Мош поялари жодида майдаланади, илиқ сувда ивитилади ва кепакка аралаштирилиб молларга берилади. Пояларидан силос тайёрлаш ҳам мумкин.

М.Аманова

Улашиш: