Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Экма бурчоқ нималигини ва унинг қандай хусусиятлари борлигини биласизми?..

22/Dekabr/2024 22:20
  1416

Маълумки, дон-дуккакли ўсимликларни экишни амалга оширилиши натижасида бирданига бир нечта ҳаётий зарур муаммоларнинг ечимини топишга амалий жавоб бўлади. Чунки, дон-дуккаклиларнинг дон, поя, пичан, сомон ва бошқа қисмлари ўсимлик оқсилига бойлиги (30–35%) билан бошқа экинлардан алоҳида ажралиб туради.

Дон-дуккакли экинлар барча қишлоқ хўжалик экинлари учун энг яхши ўтмишдош ҳисобланади. Улардан кейин экилган ҳар қандай экиннинг ҳосилдорлигини ўртача 20–35 фоизгача оширади.

Экма бурчоқ (Lathyrus sativus) ҳам дон-дуккакли экинлардан бири бўлиб, ҳозиргача бу экинга аҳамият берилмаганлиги туфайли республикамизда деярли экилмай келади. Аммо Н.Н.Вавиловнинг фикрича, экма бурчоқнинг ёввойи турлари мамлакатимизда эндем ўсимликлар сифатида кенг тарқалган, очарчилик йилларида у инсонларни очарчиликдан сақлаган ўсимликлардан бири ҳисобланади.

Экма бурчоқ қурғоқчилик, шўр ва совуққа бардошли бўлгани туфайлик, уни ҳозирги глобал ўзгаришлар шароитида мамлакатимиз деҳқончилигига киритишнинг аҳамияти юқоридир. Чунки, экма бурчоқ мамлакатимиз тупроқлари шароитида кузда экишга мос, серҳосил (4,2–4,8 т/га) биомасса, сероқсил (33,2%) дон (3,4–4,6 т гача), ёки кўк масса (3,7–4,2 т/га) ёхуд пичан (1,8–2,2 т) бериши, шунингдек, оралиқ, сидерат экин сифатида ўстирилганда куздан март ойининг охири апрелнинг биринчи ўн кунлигигача ҳар гектардан ўртача 386–444 центнергача биомасса шакллантиради. У далаларга яшил ўғит сифатида ҳайдалиши эса тупроқларимизда танқис бўлаётган органик моддаларнинг (гўнг) ўрнини босиши мумкин. Сабаби унинг 1/3 қисми гумусга айланади ва нисбатан қисқа муддат ичида тупроқ унумдорлигининг тикланишини таъминлайди, шунингдек, у энг яхши азот тўпловчидир. Экма бурчоқ дони фанер, матолар, пластмасса ишлаб чиқаришда қўлланиладиган казеинни олиш учун хомашё бўлиб ҳам хизмат қилади.

бурчоқ-2-8.jpg (246 KB)

Юқоридагиларни ҳисобга олиб экма бурчоқнинг ҳалқаро ICARDA илмий ҳамжамиятидан 2000–2002 йилларда олинган 136 та коллекция нав-намуналарини ўзимизнинг тупроқларимиз шароитида ҳар томонлама ўрганиш ва интродукциялаш йўли билан 4110 коллекция намунасидан 2 карра якка танлаб, бурчоқнинг республикамиздаги биринчи серҳосил баланд поялик, чорва озиқасибоп кузда экишга мос “Ғурур” навини яратдик ва у 2016 йилда Давлат реестрига киритилди.

Экма бурчоқнинг “Ғурур” навининг ўзига хос хусусияти бошқа дон-дуккакли экинлар (кўк нўхат, махаллий нўхат, ясмиқ, викалар ва ҳ.к) ларга нисбатан совуққа чидамли бўлгани сабабли кузда кечроқ тиним даврига киради ва баҳорда эртароқ қайта ўсишини бошлайди.

Илдиздаги азот тўпловчи туганакчалар куздан бошлаб нитрогинсиз табиий шаклланади ва ўсимликнинг тўла дуккаклаш босқичигача 286–316 донагача азот тўпловчиларни шакллантиради ва ҳаводаги молекуляр азотни энг кўп биологик азот ҳолатида тупроққа тушира олади.

Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институтининг Марказий тажриба хўжалигини далаларидаги рақобатли нав синаш (КСИ) кўчатзорларида 2008–2011 йилларда гектаридан ўртача 37,5–38,7 центнергача дон ҳосили олинди.

Шунингдек, институтда 2011–2014 йилларда ўтказилган тажрибалардан олинган натижаларимизнинг кўрсатишича, гектаридан ўртача 340,5–358,4 центнергача биомасса олиш мумкин. Дон-дуккакли экинлар орасида энг касаллик ва зараркунандаларга чидамли экин бу экма бурчоқдир. У қурғоқчиликка чидамлилиги бўйича ҳам барча экинлардан устунлик қилади.

Шундай қилиб, мамлакатимиз деҳқончилигига янги дон-дуккакли экинлардан экма бурчоқнинг “Ғурур” навининг кириб келиши, чорвачиликда сероқсил озуқа бўлса, оралиқ, сидерат экинлар сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш орқали тупроқларимиз унумдорлигининг қисқа даврда тикланишига ёрдам беради.

М.Маннопова,  З.Яқубов

Улашиш: