Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Шўр ерни аниқлаш бўйича ўтмишда деҳқонларимиз қўлланган усул

23/Dekabr/2024 03:54
  1567

Сизга, “Зироатнома” асаридан олинган, шўр ерни аниқлаш бўйича қадимда деҳқон боболаримиз тавсия қилишган усулни тақдим этамиз.

Ер икки ёки уч газ атрофида кавланади. Сўнг унинг энг чуқур жойидан бироз тупроқ олинади. Тупроқ ҳовончада майда қилиб туйилгач, унга ёмғир суви қуйиб аралаштирилади. Сув шу даражада қуйиладики, қуйилган ёмғир суви тупроқ устидан ошиб турсин. Сув тингунча кутиб турилади. Агар унинг мазаси аввалги ҳолича, яъни ўзгармай турган бўлса, демак ер яхши бўлади. Агар сув шўр ёки тахир бўлса, демак у ер шўр бўлади. Бордию, ердан ёмон ҳид келса, демак бундай ер экин экишга яроқсиз бўлади.

Шўр ерда хурмодан бошқа ҳеч қандай дарахт ўсмайди.

Яна бошқа (аниқлаш усули) шундайки, ер бироз кавланади, кавланганда ундан чиққан тупроқ яна ўша чуқурга ташланади. Агар тупроқ чуқурдан ошиб қолса, демак у ер яхши ер бўлади. Агар қирғоғи билан тенг келса, ўртача ер, бордию, кам келса, қанча камлигига қараб, шунча ёмон бўлади.

Билингки, намли ерга экилган уруғ яхши кўклаб чиқмаса, демак уни қуруқ ерга экилса яхши кўклайди. Қуруқ ерларда яхши унмаган уруғ намли ерларга экилса яхши бўлади. Агар уруғ баланд ерларга экилганда яхши бўлмаса, паст ерларга экиш керак. Унинг акси ҳам шу хилда бўлади.

Шундай уруғлар борки, баъзи ерларда яхши амал олса, баъзи ерларда яхши амал олмайди. Айтишларича, буғдой, бақлажон ва мошни намли ерларга экиш керак. Агар ерларга экилса, заиф ва нимжон бўлиб ўсади, томирини эса қуртлар еб қўяди. Нўхот, ясмиғ ва бошқа донларни ҳам намли, ҳам қуруқ бўлган ҳар икки жойга ҳам сепиш мумкин.

Агар ҳосил яхши бўлмаётган ҳар қандай ерга бир йил Миср боқласидан (уни “тараш” ҳам дейдилар) экилса, шундан сўнг у ерга нимаики сепилса, яхши ҳосил беради.

Қўшимча:

Шунингдек, лавлаги ҳам шўрга мойил бўлган ерларни яхши ўзгартириб, шўрини йўқотади, уни ўзига тортиб олади ва ер ҳолатини яхшилайди.

Пахта экиладиган ерлар шўрга мойил бўлса, лавлаги уруғидан озроғини пахта чигити билан аралаштириб, сўнгра экиш керак.

Манба: Зироатнома асари

Улашиш: