Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тутнинг шунчалар кўп фойдали хусусияти борми?

22/Dekabr/2024 21:44
  2732

ТУТ (Morus) — тутдошлар оиласига мансуб дарахтлар туркуми; мевали дарахт; Ўзбекистонда 5 тури ўстирилади.

Оқ тут (М. alba) ва қора тут (М. migra) меваси истеъмол қилинади. Сершох тут (М. multicaulis), кагаяма тут (M. Kagayame) ва ипак қурти тути (М. bonabycis) турларидан, асосан, ипак курти боқишда фойдаланилади.

Оқ тут (Балхи тут) ва шотут меваси ширин, шифобахш, ҳар хил витаминларга бой. Ўзбекистонда тут қадимдан экиб кўпайтирилади. Янгилигида истеъмол қилинади, шинни, мураббо, майиз, тайёрланади.

Тут тўлиқ етилган, сершира, янги узилган ҳолда ёки қуритилган (тут майизи) ҳолида истеъмол қилинади. Яна тутдан турли хилдаги пишириқлар, мураббо ва мармеладлар, қиём, шинни тайёрланади.

Таркиби. Тут меваси серсув, унинг таркибида 82,9-86,2 % гача сув бор. Бундан ташқари, у сершира мева — 10,9-12,7 % гача қанд миқдори мавжуд. Тутни қуритиб, истеъмол қилинса, шираси янада кўпаяди. Тут майизида қанд миқдори 73,29-83,71 % ини ташкил этади. Бундан ташқари, тут В, С, E, К, РР витаминларига бой. Шунга кўра, уни касалликдан заифлашиб қолган, тез-тез шамоллайдиган кишиларга истеъмол қилиб туришлари тавсия этилади.

Минерал моддалардан эса калий, натрий, рух, селен, мис, фосфор, кальций, магний, темирга бой, уруғи 24-33 фоизгача ёғ ва бошқа ошловчи моддалар сақлайди.Таркибида кўп миқдорда фосфор сақлагани боис, тут ақлий фаолият билан шуғулланадиган кишилар учун кони фойда саналади. Ҳомиладор аёллар учун ҳам тут меваси ҳомиланинг яхши ривожланиши учун керакли дармондорилар манбаи ҳисобланади.

Тут меваси иммун тизимни кучайтириб, организмни юқумли касалликларга қарши ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди, терига барвақт ажин тушишидан сақлайди, кўриш қобилиятини ошириб, кўз тўрпардасининг зарарланиши каби касалликлардан асрайди.  Тут барги ва танасининг пўстлоғи ҳам турли биологик фаол моддаларга бой. Барги таркибида флавоноидлар, витаминлар, каротин, эфир мойи, органик кислоталар, дарахт пўстлоғида эса бўёқли ва ошловчи моддалар, турли хилдаги кислоталар мавжудлиги аниқланган.

Халқ табобатида тут қадимдан турли касалликларни даволашда қўлланилиб келинади.  Тут шираси қонни тозалаш, қонни кўпайтириш мақсадида ҳам кенг қўлланган. Баргининг қайнатмаси эса ангина ва бошқа шамоллаш касалликларида иситмани туширувчи, чанқоқни қолдирувчи восита сифатида қўлланилган.

Буюк ватандошимиз Абу Али ибн Сино тутдан шифобахш восита сифатида фойдаланган.  Шифобахш хусусияти агар тут, ток ва қора анжирнинг баргларини ёмғир сувида қайнатиб ишлатилса, сочни қорайтиради. Оқ тут барги томоқ оғриғи, янги узилган барг шираси тиш оғриғига, тут меваси ва унинг шираси оғиз ва томоқдаги шишларга даво бўлади. Тузлаб қуритилган тут эса ичбуруғ касаллигини даволайди. Буйрак, юрак-қон томир касалликларини даволашда эса тут меваси танани ортиқча суюқликдан тозаловчи, пешоб ҳайдовчи воситадир.  Тутни овқатланишдан олдин истеъмол қилиш лозим, шунда ошқозонга унинг зарари тегмайди.  Тут мевасини қуритиб, ундан дамлама, компот тайёрлаб ичилса, дармонсизликни даволайди, озишга ёрдам беради, организмни тозалайди.  Қишда тут дарахтининг куртагини олиб, тозалаб, дамламасини юракни қувватлаш учун ичиб юрилади. Тут дарахти гуллари ўсимлик ёғи билан аралаштирилиб, қоронғи жойда тиндирилса, теридаги майда ҳуснбузар, доғлар ва сепкилни даволаш учун ажойиб крем ҳосил бўлади. Танадаги эски яра ва шикастланган жойларни даволашда тут барги ва шохчасини майдалаб, ўсимлик ёғи билан аралаштириб суртилса, яралар тез битади, терида ўрни қолмайди. Тутнинг озиқавий қиймати – 70 ккал.  Янги тут (ёки консерваланган) меваси шарбати кўкрак қафасининг симиллаб оғриши ва нафас олиш қийинлашиб ҳарсиллашда ёрдам беради. Муолажа мақсадида тут шарбати уч ҳафта давомида ичилади. Таажжубки, шу қисқа муддатда юрак фаолияти тўлиқ тикланиб, соғаяди.  Янги олинган тут шарбати тутнинг барча фойдали шифобахш хоссаларига эга бўлади. У нафас йўллари, тонзиллит ва ангинани даволашда фаол восита, сурункали йўтал, пневмония ва бронхитни даволашда ҳам ижобий натижа беради. Ақлий меҳнат билан машғул кишиларга унинг фойдаси катта, чунки таркибидаги фосфор ақлий фаолиятни яхшилайди.

Улашиш: