Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Токзор барпо этишда кўчат ўтқазиш тартиби

22/Dekabr/2024 11:55
  1470

Майдонга ток кўчати ўтқазишдан олдин уни квартал, карталарга бўлиш ва улар орасидаги йўллар чегараларни белгилаш учун қозиқлар қоқилади, яратиладиган қаторлар йўналиши танланади.

Суғориладиган токзорлар қаторлар йўналиши майдон нишаблигига мос бўлиши керак. Рельеф шароити бўйича бир неча томондан суғориш мумкин бўлган жойларда қаторлар йўналишини танлашда уларнинг умумий узунлиги, нишаби, доимо эсадиган шамоллар йўналишини ҳисобга олиш зарур.

Ён бағирларда токзорлар барпо этишда қор-ёмғир сувларини сақлаб қолиш, шунингдек, нурашнинг олдини олиш учун қаторлар асосан ён бағирга нисбатан кўндалангига ёки жой юзасига параллел равишда контур бўйлаб, террасаланган ён бағирларда терраса йўналиши бўйлаб жойлаштирилади.

Ўсимликларни ўтказиш қалинлиги тупроқларнинг яхши ўсиши ва мева қилиши учун қулай шароит яратиш ва тупроққа ишлов бериш, тупларни кўмиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш билан боғлиқ, барча жараёнларни комплекс механизациялаштиришга имкон бериш керак.

Кўчатларни баҳорда куртаклар ёзилмасдан олдин ўтқазиш мақсадга мувофиқдир, кузги ва қишки даврда илиқ кунларда ҳам ўтқазиш мумкин, лекин бунда кўчатлар 20 см баландликда тупроқ билан кўмилади.

Кўчатни сув билан мунтазам таъминланмаган, қондириб суғориш имконияти бўлмаган лалмикор ва шартли суғориладиган ерларда куз, қишда ўтқазиш мақсадга мувофиқдир.

Ўтқазишдан олдин кўчатларнинг уч қисмида ўсган илдизлар қирқилади, паст томондаги илдизлар бир оз қисқартирилади. Кучли ўсган ва тўғри жойлашган новдада бир иккита, икки-учта кўзча қолдириб, ортиқчаси кесиб ташланади.

Илдизларнинг ўтқазиш вақтида ва ўтқазилгандан кейин суғоришгача қуриб қолмаслиги учун улар янги гўнг ва лой аралашмасидан тайёрланган суюқликка ботириб олинади.

Ҳар бир кўчатнинг ўсиш қуввати унинг тутиш ва кейинги ривожланишига катта таъсир этишини ҳисобга олиб ўтқазишдан олдин кўчатларни гуруҳларга ажратиш лозим.

Аввалги йилларда барпо этилган токзорларнинг тутмаган кўчатлари ўрнига ривожланган кўчатларни, янги барпо этиладиган токзорга яхши ривожланган кўчатларни ўтқазиш керак.

Кучсиз ривожланган кўчатлардан сўнги навбатда фойдаланиш зарур, улар асосан бир майдонга ўтқазилади ёки тутмаган кўчатлар ўрнига ўтқазиш учун кўчатзорда қолдирилади. Бир хил ривожланган кўчатларни ўтқазиш, уларни парвариши ва бир вақтда тўлиқ ҳосилга киришини таъминлайди.

Кўчатлар махсус НЮ-19, МПС машиналарида, шунингдек, гидробурғилар ёрдамида 50 см чуқурликда ўтказилади. Кўчатлар қўлда шундай ўтказиладики, бунда уларнинг пастки илдизлари чуқурча тубига тўкилган тупроқ уюмида бир текис тақсимланади, сўнгра ер устида битта-иккита кўзча қолдириб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатлар ўтказилиши билан тупроқ билан кўмилади. Кўчатлар ўтказилиши билан суғорилади. Лалмикор ерларда ўтказилгандан кейин ҳар бир туп тагига камида 10 л сув қуйилади.

Кузда ва қишда ўтказилган кўчатларни совуқ уришдан сақлаш учун улар камида 20 см қалинликда тупроқ билан кўмилади.

 Р. Абдуллаев 

Улашиш: