Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбекистонда боқиладиган баъзи думбали қўйлар ҳақида маълумот

22/Dekabr/2024 20:38
  2440

Тез етилувчан думбали қўйлар зотини яхшилаш, ҳар бир зотнинг генофондини сақлаш ва фойдаланиш гўшт ва ёғ ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Жайдари қўйлар. Бу зот қадимий, маҳаллий зот бўлиб, Ўзбекистонда кўп йиллардан бери урчитилиб келинмоқда, республикамизнинг барча ҳудудларида тарқалган.

Жайдари қўйлар нисбатан йирик, танаси бироз қисқа, думбаси катта, кенг, оёғи баланд эмас, совлиқлар ва кўпинча қўчқорлари шохсиз, айрим қўчқорларни кичкина шохи бор. Қулоқлари катта, осилган, ранги асосан қора, қисман сариқ рангда бўлади.

Совлиқларнинг тирик вазни 1,5 ёшида 42–56 кг, 2,5 ёшида 40–60 кг, 3,5 ёшида 48–73 кг. ни ташкил қилади. Жунининг узунлиги билан Ҳисори қўйлардан фарқ қилади.

Ҳисори зотли қўйлар. Бошқа қўйлардан думбасининг катталиги, шакли ва ташқи кўриниши, жун қалинлиги, типи ва айрим морфологик белгилари билан фарқ қилади. Улар катта, баланд бўйли, оёғи тикка, мустаҳкам, юзи чўзиқ ва қабариқ дўнгбурунли, қулоқлари узун, суяги мустаҳкам қўпол эмас, танаси узун, бўйни ингичка, юқа, боши кичкина.

Совлиқларнинг тирик вазни 1,5 ёшида 45–90 кг, 2,5 ёшида 53–95 кг, 3,5 ёшида 56–100 кг.

Қўчқорлари эса 1,5 ёшида 65–100 кг, 2,5 ёшида 88–112 кг, 3,5 ёшида 88–115 кг, 4,5 ёшлигида ва ундан каттаси 95–123 кг. ни ташкил қилади.

Жуни дағал, 67 фоизи қора ва қўнғир, 24 фоизи эса жигаррангда бўлади.

Эдилбай зотли қўйлар. Думбали қўй зоти бўлиб – маҳаллий халқ уни қозоқи қўй деб ҳам атайди.

Бу зот ярим чўл ва чўл яйловларига мослашган, халқ селекцияси бўйича бир неча асрлар давомида яратилган. Зоти йирик, тез етилувчан, суяги қўпол, яхши ривожланган. Боши катта, дўнгбурун, совлиқ ва қўчқорларини кўпи шохсиз. Бўйни узун, кўкраги чуқур, орқаси тўғри, бели салгина осиғроқ бўлади. Танаси қисқароқ ва оёқлари баланд. Думбаси катта осиғроқ бўлади. Ранги қораси 41–52 фоизни, қўнғири 28 фоизни ва жигарранг 20–30 фоизни ташкил қилади.

Катта ёшдаги наслдор совлиқларнинг тирик вазни 65–70 кг, наслдор қўчқорлар 100–110 кг, энг катта қўчқорлар 167 кг, совлиқлари эса 126 кг бўлади. Янги туғилган қўзилар оғирлиги 5 кг, қўзилар онасидан ажратилганда 35 кг, 1,5 ёшлигида 57 кг ва 2,5 ёшида 63 кг бўлади.

Жуни нотекис дағал, кокилчасимон тузилган жуни бир йилда икки маротаба қирқилади.

Чўл минтақасида ҳисори зотли қўйларни кўпайтириш мумкин эмас деган фикрлар бор эди. Лекин шунга қарамасдан 2009 йили Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Аҳмад” фермер хўжалигидан 500 бош ҳисори совлиқ қўй ва 27 бош қўчқорни Қашқадарё вилоятидаги “Шўртан газ кимё” мажмуасига ёрдамчи хўжалик ташкил қилиш мақсадида Ғузор-Нишон туманлари ҳудудида жойлаштирдик, мажмуа барча қулай шароитни яратиб бергач, қўйлар шароитга мослашди ва уруғлантирилди. Ҳар 100 совлиқдан 100 бошдан қўзи олишга эришилди. 

Барча турдаги хўжаликлар қўй зотларидан оқилона фойдаланса, даромадига даромад қўшилади, халқимиз учун арзон ва сифатли қўй гўшти ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Бу эса, республикамиз чорвачилигини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эгадир.


Улашиш: