Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Жўхорини асосий экин сифатида экмоқчи бўлсангиз...

21/Dekabr/2024 07:05
  1515

Экиш учун тавсия этилган навлар: Қорабош, Оранжевое–160, Даулет, Ўзбекистон–18 ва ҳ.к.

Уруғ танлаш ва экишга тайёрлаш. Экиладиган жўхори уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун (синмаган), тўқ, текис (зарарланмаган) бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади. Уруғлик экиш олдидан илмилиқ сувда 10–12 соат ивитиб қўйилади.

Ер тайёрлаш. Майдон бегона нарсалардан тозаланади. 1 сотихга 250–300 кг (10 сотихга 2,5–3 т) чириган гўнг солиниб, камида 18–20 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар майдаланади ва ер текисланади.

Экиш муддати. Жўхорини жанубий вилоятларда март ойининг III, апрель ойининг I ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган ва Фарғона водийси вилоятлари учун апрелнинг I–II ўн кунлиги, шимолий минтақалар учун апрель ойининг II ва май ойининг I ўн кунлигида экиш мақбул муддат ҳисобланади.

Экиш меъёри ва схемаси. Уруғ дон учун 60×17×1 (60 см – қатор орасининг кенглиги, 17 см – уялар ораси, 1 дона – уядаги уруғ сони), 70×14х1, 90×11×1, кўк масса учун 60×11×1, 70×9×1, 90×7×1 схемаларда ҳар сотихга 100–120 г (10 сотихга 1–1,2 кг) жўхори уруғи сарфлаб экилади. Ўсимлик униб чиққандан сўнг, қуюқ жойлари ягана қилинади.

Парваришлаш. Жўхори ўсимликлари дон учун биринчи марта биринчи ўғитдан сўнг, иккинчи марта иккинчи ўғитдан сўнг ва учинчи марта эса сут-мум пишиш даврида, кўк масса учун биринчи ўғитдан сўнг, иккинчи марта кўк поя ўрилиб, қўшимча ўғитлангандан сўнг суғорилади. Агарда ер қумлоқ бўлса тупроқ ва ўсимликнинг ҳолатига қараб қўшимча суғорилади.

Қатор ораларини юмшатиш. Ўсимликлар униб чиқиб, 5–6 чинбарг ҳосил қилгач, ҳар бир қатор ораси 6–8 см чуқурликда чопилади. Кейинги чопиқ ўсимликлар 8–10 барг ҳосил қилганда 8–10 см чуқурликда ўтказилади.

Ўғитлаш. Кузда чопиқ олдидан фосфорли минерал ўғит сотиғига 0,9 кг, калийли ўғит 0,6 кг меъёрида солинади. Ўсимлик 5–6 та чинбарг чиқарганда 2,2 кг, 10–12 та чинбарг чиқарганда ҳам 2,2 кг азотли ўғит билан озиқлантирилади.

Бегона ўтларни йўқотиш учун қўлда чопиқ ишлари амалга оширилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Қорабош навининг поялари рўваклаш даврида ер устидан 5–10 см қолдириб, кўк масса учун ўрилади. Силос учун Даулет, Оранжевое–160, Ўзбекистон–18 навлари мум пишиш даврида қўл кучи ёрдамида ўриб олинади.

И.Массино


Улашиш: