Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Хонадонларда боқиладиган қорамолларни касалликлардан асраш тадбирлари

22/Dekabr/2024 13:47
  1372

Чорва молларни парваришлаётган хонадон оила аъзолари ҳар йили тиббий кўрикдан ўтишлари, юқумли касалликларга қарши эмлаш муолажаларини (касаллик ҳайвонлардан инсонларга юқмаслиги учун) олишлари зарур.

Оила аъзоси агар тери касалликлари билан касалланган бўлса, тана аъзоларида шилинган, кесилган, майда яралар тошган ҳолларда шифокорнинг рухсатисиз чорва молларига хизмат кўрсатиши ва сигир соғиши мумкин эмас.

Уй ҳайвонларини парваришлашнинг асосий шарти ўз вақтида ва узлуксиз озиқлантиришдир (оғилхонада парваришлаш даврида моллар ёзда тайёрланган озуқа билан боқилади).

Иккинчи муҳим шартларидан бири – зарур гигиеник парваришлашдир. Бу ҳайвоннинг ўз тирик вазнини сақлаб қолишида ўз ифодасини топади – улар ўртача семизликни сақлаб қолади.

Қорамолни хонадонда боқишда аввало, бу мол қайси йўналишда боқилаётганлигига эътибор қаратилиши лозим. Агарда сут йўналишида боқилаётган бўлса рационида майдаланган кўк ўт, пичан, лавлаги, сифатли концентрат ем бўлиши керак.

Агар мол бўрдоқига боқилаётган бўлса рационида кўпроқ миқдорда концентрат (ем, кепак, шелуха, шрот) бўлиши шарт. Боқилаётган мол кам ҳаракат қиладиган ҳолатда бўлиши керак.

Қорамолларни сақлаш хоналарида, яъни оғилхоналар кенг, ёруғ ва ҳаво алмашиши учун ромлари қилинган бўлиши керак. Молхона яхши таьмирланган, деворлари, охури оҳак билан дезинфекцияланган, барча тешик-тирқишлар ёпилган бўлиши керак. Оғил яхши шамоллатиладиган, сийдик оқиб кетадиган нов бўлиши лозим.

Молларнинг ўзини иложи бўлса ҳар куни, бўлмаса, ифлосланганда тозалаб, қашлаб туриш даркор. Бунинг учун қашлагичдан фойдаланилади. Агар қорамол жуда ифлосланиб кетган бўлса илиқ сувда ювилади. Бу тадбирни ёзда доимо бажариб туриш лозим, чунки тоза тери ҳашаротларни ўзига камроқ жалб этади. Сигирни чўмилтириб туриш ёки сув сепиш ҳам самаралидир.

Молхона қуришда меьёрларга риоя қилиш лозим. Сигирлар учун оғилхона узунлиги 160–200 см, кенглиги 130–150 см. дан кам бўлмаслиги керак. Охур пастроқ бўлади – моллар бўйнини эгиб, аммо чўзилмасдан озиқланиши керак.

Охурни, яхшиси тўғри бурчакли эмас, овалсимон қилиб, яни тепа томони 80 см, пастини 50 см. дан кам бўлмаган кенгликда қуриш мақсадга мувофиқдир. Унинг ҳажми бир маротабалик озуқа сиғадиган бўлиб қолмасин, бўрдоқига боқилаётган молларнинг суви олдида бўлгани маъқул.

Юқумли касалликлар ва ҳашаротларга қарши кураш тадбири сифатида ҳамиша молхона атрофини тоза сақлаб, гўнгини кунига икки марта йиғиштириб олиш, ҳашаротларни қувадиган эритмалар билан молларга ишлов бериб туриш тавсия этилади.

Янги эритилган оҳак жуда кучли дезинфекциялаш хусусиятига эга. Шунинг учун молхона деворлари тез-тез оҳак билан бўялса, бу молхонанинг санитария ҳолатини ва ҳаво тозалигини яхши даражада сақлаб туради.


Улашиш: