Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроқ хусусиятига кўра бодрингни ўғитлаш меъёрлари

20/Sentabr/2024 05:38
  1077

Бўз тупроқларда бодрингдан гектарига 20 тонна гўнг билан N150P100K75 бериш тавсия этилади.

Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки карбамид кўринишида берилади.

Фосфорли ўғитлар аммофос, калий ўғити калий хлор кўринишида берилади. Гектарига соф ҳолда N150P100K75 берилганда тукда қуйидагича: сульфат аммоний - 714 кг ёки карбамид – 326 кг, аммофос – 218 кг, калий хлор – 150 кг.

Ерга асосий ишлов берилаётганда органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич гўнгнинг гектарига 20 т, аммофоснинг 163 кг, калий хлорнинг 112 кг тўғри келади.

Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2–3 чинбарг чиқарган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10%, фосфор ва калийнинг қолган қисми берилади. Бу сульфат аммоний гектарига 71,4 кг ёки карбамид 32,6 кг, аммофос 55 кг, калий хлор 38 кг меъёрда берилади.

Иккинчи озиқлантириш экин ялпи гуллаган даврида берилади. Бунда азотнинг 45 фоизи берилади, бу сульфат аммонийнинг гектарига 320 кг ёки карбамид 147кг миқдорда берилади.

Учинчи озиқлантириш иккинчи ёки учинчи теримдан кейин берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 45 фоизи берилади, сульфат аммоний гектарига 321 кг ёки карбамид гектарига 147 кг миқдорида бериш керак.

Азотли ўғитларни 50 фоизга камайтириш мақсадида, органик микробиологик 25 кг/га, биоазотни гектарига 4л/га суғориш суви билан, биогумусни гектарига 10 тонна вермигумни гектарига 10 тонна бериш мумкин, шунингдек кўк масса берадиган экинлар (сидератлар) қўллаш мумкин бўлади.

Ўтлоқи ёки ўтлоқи ботқоқ тупроқлар. Бу тупроқларда бодринг етиштириш учун соф ҳолда гектарига N120P80K60 бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитраси кўринишида берилади. Фосфорли ўғитлар – аммофос ўғити кўринишида берилади.

Калий ўғити - калий хлор кўринишида берилади. Гектарига азотли ўғитлар тукда қуйидагича берилади: сульфат аммоний – 571 кг ёки карбамид – 261 кг, аммофос – 174 кг, калий хлор – 120 кг.

Ерга асосий ишлов берилаётганда фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич аммофос гектарига 130,5 кг, калий хлор 90 кг. дан берилганда тўғри келади.

Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2–3 чин барг чиқарган даврида олиб борилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10%, фосфор ва калийнинг қолган қисми берилади. Бу сульфат аммонийнинг гектарига 57 кг, гектарига 26 кг, аммофоснинг гектарига 44 кг тўғри келади.

Иккинчи озиқлантириш оналик гулларининг ялпи гуллаган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг 45 фоизи берилади. Бу кўрсаткич сульфат аммонийнинг гектарига 257 кг, карбамид 118 кг. га тўғри келади.

Учинчи озиқлантириш иккинчи ёки учинчи теримдан сўнг азотли ўғитнинг қолган 45 фоизи берилади, бу сульфат аммонийнинг гектарига 257 кг ёки карбамид 118 кг бериш тавсия қилинади.


Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: