Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тупроқ турига кўра помидорни ўғитлаш шартлари

20/Sentabr/2024 02:37
  1317

Ўтлоқ ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар. Бу тупроқларга гектарига 20 т/гўнг +N160 P120K 80 кг соф ҳолда солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Минерал ўғитлар тук ҳолатида қуйидагича солинади: Карбамид – 350 кг/га, аммофос – 195 кг/га, калий хлор – 160 кг/га.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади.

Ҳайдовдан олдин: 20 т гўнгнинг ҳаммаси, аммофос – 196 кг/га, калий хлор – 120 кг/га.

Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг уларни тез ўса бошлаган даврда: аммофос – 66 кг/га, калий хлор – 40 кг/га, карбамид 175 кг ёки сульфат аммоний – 380 кг/га меъёрда бериш тавсия этилади.

Иккинчи озиқлантиришда – ўсимликнинг биринчи ва иккинчи гулбандини ялпи гуллаши даврида карбамид 175 кг/га ёки сульфат аммоний 380 кг/га меъёрда бериш тавсия этилади.

Экологик тоза маҳсулот олиш ва азот ўғитларини 50 фоизга камайтириш учун кўк масса берадиган экинларни (сидерат) қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус – гектарига 8 т, вермигум – 8 т, органик микробиологик ўғит – 20 кг, биоазот – 2 л меъёрда қўллаш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни суғориш суви билан бериш мумкин.

Шўрхок тупроқлар. Турли даражада шўрланган шўрхок тупроқларда шўр ювиш ишлари олиб борилгандан сўнг гектарига 25–30 тонна гўнг солиниб ишлангандан сўнг гектарига N200P180K120 меъёрда бериш тавсия этилади.

Шўрланганлик типи ва шўрланганлик даражасига қараб тупроқларга солинадиган минерал ўғитларнинг тукдаги миқдорига аниқликлар киритилади.

Чунончи, сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитни – аммиак селитра, фосфор ўғити – аммофос, калий ўғити – калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Хлорли шўрланган тупроқларда – азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитра, фосфорли ўғитнинг аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити (P2O5-9,5%, N-4,6%), калий ўғити – калий нитрат тузларини бериш тавсия этилади.

Хлор сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитлар – аммиак селитра, фосфорли ўғитлар – аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити, калийли ўғитлар калий нитрат кўринишида бериш тавсия этилади.

Ўғитларни қуйидаги муддатда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 25–30 т гўнг, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда азотнинг 50, фосфор ва калийнинг 25 фоизи берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг биринчи ва иккинчи гулбандини ялпи гуллаш даврида азотнинг қолган қисми берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш, ёки гектарига 12 тонна биогумус ёки гектарига 12 тонна вермигум, гектарига 30 кг органик микробиологик ўғит, гектарига 2,5 л биоазот ишлатиш мумкин.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Бўз тупроқ. Помидор етиштиришда суғориладиган бўз тупроқларга гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа соф ҳолда N200P150K100 кг/га меъёрда солиниши тавсия этилади. Бунда азотни карбамид ёки сульфат аммоний кўринишида, фосфорни аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калийни калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади. Ушбу минерал ўғитлар тукда қуйидагичабўлади: Карбамид – 435 кг/га, аммофос – 326 кг/га, калий хлор – 200 кг/га меъёрда берилади.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда мазкур ўғит миқдори гектарига 950 кг бўлиши лозим. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилиши лозим.

Ҳайдовдан олдин гектарига 20 тонна гўнг, 245 кг аммофос ва 150 кг калий хлор солинади.

Биринчи озиқлантиришда ўсимлик кўчатлари тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда: аммофос – 81 кг/га, калий хлор – 50 кг/га, карбамид – 218 кг/га меъёрда солинади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг биринчи ва иккинчи гулбандининг ялпи гуллаш даврида карбамид – 218 кг/га, сульфат аммоний 475 кг/га меъёрда берилади.

Азотли ўғитлар қўллашнинг 50 фоизга камайтириш мақсадида кўк масса берадиган экинларни қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан: биогумус ёки вермигум – 10 т/га, органик микробиологик ўғит – 25 кг/га ва биоазотни 4 л/га меъёрда бериш самарали ҳисобланади. Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Тақирсимон тупроқлар. Тақирсимон тупроқларда гумус миқдори паст бўлганлиги боис шўр ювиш ишлари ўтказилганидан сўнг уларни маданийлаштириш лозим. Бундай тупроқлар органик ўғитларга муҳтож. Шу муносабат билан шўр ювилганидан сўнг помидор ўстириш учун мазкур тупроқлар гектарига – 25–30 тонна гўнг ва соф ҳолда N220P165K110 кг/га меъёрда солиш тавсия этилади.

Шўрланганлик ҳолатига, типи ва даражасига қараб тупроқларга солинадиган минерал ўғитларнинг тукдаги миқдорларига аниқликлар киритилади.

Чунончи, сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитни – аммиак селитра, фосфор ўғити – аммофос, калий ўғитини – калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Хлорли-шўрланган тупроқларда – азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитраси, фосфорли ўғитнинг аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишидаги, калий ўғити – калий нитрат тузларини бериш керак.

Хлор сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитлар аммиак селитраси кўринишида, фосфорли ўғитлар аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калийли ўғитлар калий нитрат кўринишида бериш тавсия этилади. Ўғитларни қуйидаги муддатларда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 25–30 тонна гўнг, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда азотнинг 50, фосфор ва калийнинг 25 фоизи берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг биринчи ва иккинчи гулбандининг ялпи гуллаш даврида азотнинг қолган қисми берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш, гектарига 12 тонна биогумус ёки вермигум, 30 кг органик микробиологик ўғит, 2,5 л биоазот ишлатиш мумкин.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш керак.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги портали

Улашиш: