Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Киви сизга ёқадими?

22/Dekabr/2024 17:05
  1695

Ҳозирда киви Ўзбекистонда ҳам хуш кўриб истеъмол қилинувчи мевалар сирасига киради. Ўзгача таъми, ажойиб шакли билан   эътиборни тортувчи мазкур мева актинидия оиласига мансуб. Ўсимлик  лианасифат дарахт  бўлиб, келиб чиқиши Хитойга бориб тақалади. Бу давлатларда  у ёввойи ҳолда ўсган ва унинг массаси 30 гр атрофида бўлиб, мазаси нордон ва тахир бўлган. Гуллагандаги хушбўй ҳиди, ёз мавсумида баргларининг яшил, оч яшил, қизғиш, сарғиш тусда товланиб, ўзгариб туришидан кишилар эстетик завқ олиб, дарахт салқинидан баҳра олишган.  20 - аср бошларига келиб  бу ажойиб жажжи мева тасодифан Янги Зелландияга  келтирилади. Ўзгача кўринишга эга мева дарҳол ботаник олимларнинг эътиборини  тортади. Вақтни ғанимат билган селекционерлар ўсимликни биз учун номаълум бўлган мева билан чатиштириб, уни маданийлаштиришга муваффақ бўлишади. Шу тариқа кивининг янги, маданий нави яралади ҳамда унинг  вазни,  таъми ҳам буткул ўзгариб, сезиларли даражада яхшиланади. Шу-шу киви кўпчиликнинг энг тотли мевасига айланди ва дунё бозорларидан мустаҳкам жой олди. Бугун кивини билмаган инсон ер юзида топилмаса керак. Мевани билиш ўз йўлига, аммо уни етиштириш масаласи бироз муаммоли. Тропик мамлакатлар меваси бўлган киви фақатгина иссиқ минтақаларда ўсади ва парваришда анчайин инжиқ бўлиб, алоҳида эътиборни талаб қилади. қувонарлиси, йиллар ўтиб мазкур меванинг етиштириш усули ўзбек боғбонларига ҳам ошкор бўлди. Ҳозирда ҳовлисида киви ўстираётганлар, ҳатто саноат плантацияларини барпо қилган юртдошларимиз  кўплаб топилади. 

Киви  аслида қушнинг номи. У Янги Зелландия ўтлоқ ва ўрмонзорларида яшайдиган товуқсимон жонзот бўлиб,  мамлакатнинг миллий рамзи саналади. Янги Зеландияликлар   меванинг ташқи тузилиши, устидаги туки ва ранги киви қушига ўхшашлиги боис уни ҳам киви деб атай бошлашган ва шу ном остида киви қуши белгиси билан хорижий  мамлакатларга экспорт қила бошлашган. Шу - шу киви шу ном билан кўпчилик мевахўрларнинг қалбини ҳанузга қадар забт этиб келмоқда. Бугунги кунда бу ўсимлик  субтропик иқлимли кўпгина давлатларда етиштирилмоқда. Айниқса Хитой,  Италия, Янги Зелландия ва Чилида улкан киви плантациялари бўлиб, мазкур давлатлар дунё бўйича киви етиштирувчи йирик экспортёр саналади. 

      Ушбу меванинг ажойиб жиҳати шундаки, у қулупнай, банан, олма, қовун, ананас ҳамда қарағатнинг хушбўй ҳиди ва таъмини бера олади, бу меваларда мавжуд витаминларнинг барчаси кивида ҳам мужассам эканлиги фанда исботланган. 

     Ўртача кивининг вазни 75 гр атрофида бўлса, йирикроқ  меваларда бу кўрсаткич 100 граммдан ошади. Ичидаги гўштли қисми яшил, баъзида сариқ тусда бўлади. Голд киви нави ана шундай сариқ тусли этга эга. 


Улашиш: