Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ерёнғоқ ҳақида баъзи маълумотлар

22/Dekabr/2024 06:20
  1493

Ерёнғоқнинг ватани - Жанубий Америка. Дунё бўйича экин майдони 21,78 млн. га ерни ташкил этади. Асосий экин майдонлари Индонезия, Хиндистон ва Хитойда жойлашган. Мамлакатимизда ушбу экин  XIX асрнинг бошларидан экила бошланган. Ер ёнғоқ дуккакдошлар оиласига мансуб. Маданий тури бир нечта кенжа турларга эга. Бу кенжа тури тўрт хилга бўлинади. Тур хиллари поянинг баландлиги, шохланиши, баргининг шакли ва катталиги, дуккагининг тузилиши ва донининг ранги бўйича фарқланади. Ер ёнғоқнинг тик ўсадиган ва ётиб ўсадиган формалари бор. Бизнинг мамлакатимизда тик ўсадиган формаси тарқалган, поясининг узунлиги 50-60 см. Илдизи ўқ илдиз, кучли ривожланган, 1,5 м чуқурликкача кириб боради. Илдизида туганаклар кўп шаклланади. Пояси ўтсимон тик ўсади, пояларининг сони 4-20 тагача, баландлиги 10-80 см гача боради ва тук билан қопланган бўлади. Барглари жуфт патсимон формада, баргининг  устки қисми силлиқ, пастки қисми тукли, барг банди йўғонлашган, узунлиги 5 см гача,  тукли, пастки қисмида иккита ён барглари бор. Гули капалаксимон, барг қўлтиқларида  2-3 та бўлиб жойлашади.  Гулининг  ранги сариқ ёки қовоқ рангда бўлади. Чангчиси ўнта бўлиб, уруғчиси узун, ингичка, тумшуқчали, тугунчаси бир уяли.  Ер устки гуллари четдан ҳам чангланиши мумкин. Ер остки гуллари ўз-ўзидан чангланади. Ер устки гуллари чанглангандан сўнг тугунча ёки уруғдонни пастки қисми узунлашиб гинофор (пояча) ҳосил қилади. У 5-6 кун юқорига қараб ўсади, кейин қайрилиб ўсиб тупроққа киради, 8-10 см чуқурликка еткач тугунча ёки уруғдондан мева ҳосил бўлади. Тупроққа етиб бормаган гинофордан мева ҳосил бўлмайди. Дуккаги пилласимон, бир нечта жойидан кучсиз ёки қаттиқ сиқилган, узунлиги 1,5-2,0 см дан 3,5-6,0 см гача бўлади.  Ранги сомон ранг, юзаси тўрланган. Навига қараб дуккакларининг пўсти қалин ёки юпқа бўлади. Дуккагида 3-6 та уруғи бўлиши мумкин.  Уруғи узунчоқ овал ёки юмалоқ формада тўқ қизил ёки оч пушти рангда бўлади. 1000 та уруғининг оғирлиги 300-500 г. Ушбу экинни бошқа экинлар билан алмашлаб экиш  ҳам самаралидир. Чунки унинг ҳосили ер остида ривожланиб етилгани учун ерга ишлов беришда ва минерал ўғитлар билан бойитишда муҳим манба ҳисобланади. Ундан  сифатли ва мўл ҳосил олиш учун  унинг дуккакларидан уруғи шикастлантирилмай ажратиб олиниб, сараланиши лозим.  Ерёнғоқ қисқа кун ўсимлиги, уруғи 12-15°С униб чиқади. Фақат сувли ерларда экилади, ўсув даврида 3-5 марта суғорилади. Ерёнғоқнинг ҳосили ковлаб олинади, қуритилиб янчиланади. Сақланадиган уруғнинг намлиги 8% дан ошмаслиги керак. Ер ёнғоқни етиштиришда энг сермеҳнат ва узоқ муддат олиб бориладиган ишлардан бири қатор ораларига ишлов бериш бўлиб, у ўз ичига тупроқ қатқолоғи, бегона ўтлар ва заракунандаларига қарши кураш, суғориш ариқларини олиш, тупроқни юмшатиш, ўғитлаш ва янги чиққан илдизчалар кўмиш учун тупроқ уюб чиқишни ўз ичига олади. Ерёнғоқ эрта экилганда, яъни узоқ вақт ҳарорат +15° С дан паст бўлиб турса, униб чиқа бошлаган уруғлар яшовчанлигини йўқотиши, униб чиқиш муддати эса 20-25 кунга чўзилиб кетади. Ерёнғоқ кенг қаторлаб экиладиган экин бўлиб, уни экишда қаторлар оралиғи кенглигини тўғри танлаш муҳим аҳамият касб этади. Қатор кенглиги ерёнғоқни ўсиш ва ривожланиш даврида тупроқни доимий равишда юмшатиб туришга, бегона ўтлардан тозалашга, экин учун озиқланиш майдонининг етарли бўлишини таъминлашга хизмат қилиши керак. Қатор  оралиғи 60 см ва 90 см, ўсимликлар орасидаги масофа 8-11 см бўлганда ерёнғоқдан юқори ҳосил олиш мумкин. Ерёнғоқ гуллагунга қадар қатор ораларига 2-3 марта ишлов берилади, гуллагандан сўнг 1,5 ой давомида поясининг остига тупроқ уюлади. Бу тадбир ҳосилга кириш жараёнини тезлаштиради. Ерёнғоқдан юқори ҳосил олиш кўп жиҳатдан экиш учун танланаётган уруғликнинг сифат кўрсатгичларига ҳам боғлиқ бўлади. Ерёнғоқнинг туп ҳолатида, ярим туп ҳолатида ёйилиб ўсадиган турлари мавжуд. Унинг пояси шохчаларга тармоқланиб, ҳар бир поя 4 тадан 20 тагача ва ундан ортиқ шохчалар ҳосил қилади. Бу шохлар ерёнғоқ турига қараб тик ўсадиган ёки ёйилиб ўсадиган бўлиши мумкин. Барглари мураккаб шаклда бўлиб, қўшпатли 4 та баргчани ташкил этади ва овал ёки тухум шаклида бўлиши мумкин. Гули майда, сариқ ва тўқ сариқ рангда бўлади. Ўзбекистонда ерёнғоқнинг асосан 4 хил нави етиштирилади. Булар  Перзуван 46/2, Тошкент-32 ва Тошкент-112 ва энг кўп тарқалгани   Қибрай-4 навларидир. 

Хитой ёнғоғи номини олган ерёнғоқ  дуккаги икки қисмдан: мағиз ва қобиқдан иборат. Бундан ташқари ерёнғоқ уруғ устидаги қобиқдан ташқари мағиз устида юпқа уруғ пардасига ҳам эга бўлади. Ерёнғоқ уруғларнинг устки қобиғи лузга деб аталади. Қобиғ ва мағиздаги таркибий моддалар миқдори турличадир. Уруғлар қобиғида асосан, клетчатка ёки целлюлоза кўп бўлиб, кам миқдорда юқори молекулали углеводородлар, мумли моддалар, жуда кам  миқдорда оқсил ва сув бўлади. Мағизда эса ёғлар, оқсиллар, фосфатидлар, витаминлар ва кўпчилик ёғ билан эргашиб юрувчи бошқа моддалар туради. Қобиғда мойнинг миқдори жуда кам бўлиб, мойи асосан мағизда бўлиб, қобиғда эса ниҳоятда кам. 

    Дунё миқёсида ерёнғоққа бўлган талаб йилдан-йилга ошиб бораётганлиги сабабли ерёнғоқ етиштирилаётган майдонлар миқдори ҳам ошиб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири истеъмолдаги ёғ миқдори етишмовчилигини ерёнғоқ орқали қоплашнинг қулайлигидир. Қолаверса, ерёнғоқ ёғи зайтун  ёғидан қолишмайди. Ҳозирги кунда дунё миқёсида ерёнғоқ ҳосили асосан Ҳиндистон, Хитой, Нигерия ва Америкада етиштирилади. Аммо дунёда энг кўп ёренғоқ етиштирадиган ва умумий майдонининг тенг ярмида фақат ерёнғоқ экиладиган давлат Ҳиндистондир.  


Улашиш: