Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ортосифон (буйрак чой) ўсимлигини етиштиришга оид тавсиялар

22/Dekabr/2024 15:35
  1581

Ортосифон бир йиллик кўчат экини сифатида Грузия субтропикларида етиштирилади. Ўзбекистоннинг ихтисослаш-тирилган хўжаликларида синовдан ўтказилган. Аниқланишича, буйрак чойи очиқ ва офтобли ерларда яхши ўсади. Унумдор ва намлик етарли тупроқларда яхши ривожланади. Ўсимлик поя қаламчалардан кўпайтирилади. Кўчат ҳар йили, декабрь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб иссиқхоналарда ҳаво ҳарорати 18—22°С да тайёрланади. Қаламчалар 5—7 см узунликда тайёрланади. Новдаларидаги барглар олиб ташланади, фақат учидаги баргларгина қолдирилади. Буғланишини камайтириш учун йирик барглар кўндалангига 2 га бўлинади ва майда баргларга тегилмайди. Шу тарзда тайёрланган қаламчалар 60 x 45 см ўлчамли ва баландлиги 25 см бўлган кўчат қутиларга ўтказилади. Дренаж учун қутиларнинг тагига 2—3 см қалинликда керамзит ёки майда шағал, кейин йирик донадор қум солинади. Дренаж устига 10—15 см қалинликда 1 : 1 : 1 нисбатда органик масса аралаштирилган тупроқ, чириган гўнг ва қум солинади. Унинг устига унумдор тупроқ ва 5—6 см қалинликда йирик қум билан ёпилади. Қаламчаларни қиялатиб устки қум қатламига 3—5 см чуқурликда, 5 x 5 оралиқда экилади ва лейкада тўйинтирилиб суғорилади.

Ундан кейин қутининг усти шиша ва шаффоф плёнка билан ёпиб қўйилади. 1 квадрат метр ерга 4 та қаламча экилади. 1 гектар ерга етарли кўчат тайёрлаш учун 300 квадрат метр ёпиқ грунт талаб этилади. Қаламчаларни экишда жавонлардан, иссиқхона тубидаги ерлардан фойдаланиш мумкин, лекин бунда ҳам юқорида баён этилаётган дренаж озиқавий муҳит бўлиши керак. Қаламча парвариши, ҳар кунги суғориш вақти-вақти билан тупроқ устидаги зараркунандаларни йўқотиш учун қум юзасини юмшатилиб турилади. Қаламчаларнинг 85—90% тутади. Илдиз олгандан кейин суғориш сони камайтирилади, лекин тупроқ доим нам ҳолатда сақланади. Сўнгра шиша ёки плёнка аста-секин олиб ташланади. Қаламчаларни далага олиб чиқиб экилгунга қадар апрель ойининг охири ва май ойининг бошларида иссиқхонадаги кўчатлар бўйи 15 см га етади ва 1 тадан 4 тагача поя бўлиб, яхши ривожланган попук илдизлар ҳосил бўлади. Буйрак чой ўсимлигини етиштириш учун унумдор, бегона ўтлардан тозаланган, шамолдан пана тупроқлар танланади. Кўчатларни экиш учун ерлар 20—25 тонна маҳаллий ўғит ва суперфосфат ўғитлари билан озиқлантирилиб, 20—25 см чуқурликда ҳайдалиши керак.

Суғориш эгатлари олинишидан олдин тупроқ 2 марта молаланади. Жўякларнинг узунлиги ернинг нишаблигига, тупроқнинг механик таркиби ва физик хоссаларга боғлиқ ҳолда олинади. Кўчатлар очиқ далаларга апрелнинг ўрталарида экилади. Кўчатларни кутидан илдизи атрофидаги тупроқ билан кўчириб олиб, уни бузмай жўякларга 5—8 см чуқурликда экиш мақсадга мувофиқ бўлади. Кўчатларнинг оралиғи бир-бирига нисбатан 15 см бўлиши керак. 1 гектар ерга ўртача 120 минг кўчат тўғри келиши керак. Кўчатлар экиш тугаллангандан кейин 6—7 кунда бир марта суғориб туриш лозим. Ҳар 2—3 суғоришдан кейин кўчатлар оралари юмшатилади ва ўтоқ қилинади.

Буйрак чой ўсимлигини биринчи ўғитлаш июль ойида гектар ҳисобига 50 кг азот ва 20 кг фосфор ўғити бериш билан бошланади. Иккинчи марта озиқлантиришни август-сентябрь ойларида 30 кг азот ва 20 кг калий ўғити бериш билан тугалланади. Озиқлантириш суғоришдан олдин амалга оширилади. Кейинги йиллар учун октябрь ойининг бошларида ўсимликлардан қаламчалар тайёрланиб иссиқхоналарда (юқорида баён этилган услуб асосида) экилади. Иссиқхоналарда экилган буйрак чой оққанот ва алеуродит ҳашаротлари билан зарарланади. Бу ҳашаротлар ўсимлик баргларининг орасига тухум қўйиб, унинг сокларини сўради ва катта зарар етказади. Касални олдини олиш мақсадида фосфорорганик препаратлардан антио ва актеликнинг 2% ли суюқлиги билан ўсимликлар ишланади.

Буйрак чой ўсимлигининг хомашёси унинг барги ва кейинги вақтларда бутун ер устки қисми ҳам ишлатиладиган бўлган.

Унинг хомашёсини июнь ойининг ўрталаридан ҳар 15—20 кунда совуқ кунлар бошлангунча қўлда терилади.

Мавсум давомида яхши парвариш қилинган майдонлардан 2 тоннага яқин қуруқ хомашё йиғиб олиш мумкин.

Маҳсулот тайёрлаш. Ўсимлик новдасининг учки қисмини 2 жуфт барги билан бирга (флеш) йил бўйи беш-олти марта қўлда териб олинади, сўнгра қалин қилиб, салқин ерга 24—36 соат (ферментация қилиш учун) ёйиб қўйилади. Маълум вақт ўтгандан сўнг тезлик билан юпқа қилиб ёйиб, қуёшда ёки 30—35°С ҳароратда қуриткичларда қуритилади.

Манба: moodle.pharmi.uz
Улашиш: