Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Бодом дарахтини парваришлаш бўйича тавсиялар

19/Dekabr/2024 08:46
  2958

Бодом дарахтининг бўйи 6–10 м. гача етади. Илдиз тизими яхши ривожланган бўлиб, 6 м чуқурликкача боради, қурғоқчиликка ва совуққа чидамли. Ҳавони ёмон ўтказадиган нам тупроқли жойларда бодом яхши ўсмайди. Тиним даври қисқа бўлганлиги сабабли бодом бошқа дарахтларга нисбатан анча илгари гуллайди. Шунинг учун ҳарорати мўътадил бўлмаган ҳудудларда унинг ҳосилини кўпинча баҳорги совуқ уриб кетади. Бодом кўчати экилгандан кейин 3–4 йили ҳосил бера бошлайди, 12–15 ёшга етганда ҳосили кўпаяди. 35–40 йилгача ҳосил беради. Бодом 60 йилдан 400 йилгача яшайди. Бир туп бодом дарахти ўртача ҳосили 8–12 кг. гача, айрим йиллари 25–30 кг. гача ҳосил беради. Совуққа анча чидамли бўлиб, тиним даврида -20–25 оС совуққа бардош беради. Бодом ўсимлигининг характерли хусусияти, у жуда эрта гуллаши. Шу сабабдан об-ҳавоси ўзгариб турадиган жойларда бодом гулларини кўпинча қора совуқлар уриб кетади. Бодомзорлар ташкил қилиш учун тоғ ва тоғ олди ён бағирларидан ҳаво яхши алмашиб турадиган, совуқ ҳаво қамалиб қолмайдиган террасалар ажратиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Тошкент вилоятининг тоғли, тоғ олди шароитида бодом денгиз сатҳидан 800–1300 метр баланд бўлган жойларда, жанубий вилоятларда 1700–2000 м баландликкача жойлашган, йиллик ёғин миқдори 600 мм.дан кўп бўлган ҳудудларнинг барча ён бағирларида суғорилмай ҳам ўсиши мумкин. Ёғингарчилик миқдори ўртача 400–500 мм бўлган ҳудудларда бодомзорларга махсус агротехник ишлов бериш талаб қилинади.

Бодом учун энг яхши тупроқ таркиби, оҳаги бўлмаган, сувни яхши ўтказадиган қумоқ ва бўз тупроқлар ҳисобланади. Унумсиз, қуруқ тупроқларда ҳам ўсиши мумкин, лекин бундай тупроқларда юқори агротехника усуллари қўллагандагина яхши ўсиб, мўл ҳосил беради. Шунинг учун ҳам бодом майдонларининг гектарига 20–30 т ҳисобида чириган гўнг солиш керак.

Бодом дарахтларининг ёруғликка талабчанлигини инобатга олиб, кўчатларни экиш учун 60х60 см ҳажмда чуқур ковланади. Суғориладиган ерларда кўчатлар 8х8 м, тоғ ва тоғ олди лалмикор ерларда 6х6 м, (жанубга қараган ёнбағирларида 5х5 м) схемада, горизонтал террасаларда ҳажми 1,5–5 м бўлган ерларга кузда ёки эрта баҳорда экилади. Кўчат экилгандан кейин илдиз бўғзининг 5–10 см юқорисидан тупроқ уйиб кўмилади, кейин иложи борича суғорилади. Кўчатлар куртак чиқара бошлаганда эса уюм текислаб ташланади.

Лалмикор ерларда ёғин сувларининг шимилишини таъминлаш ва тезда буғланиб кетишининг олдини олиш мақсадида, ер доимо юмшатилиб турилади. Кўчат атрофида сомон, похол ва бошқа ўсимлик қолдиқларидан мульча ҳосил қилинади.

Ёш боғларда вегетация даврида 6–8 марта суғорилади. Апрель, май, июнь ва сентябрь ойларида бир мартадан, июль-август ойларида эса 2–3 маротабадан суғорилади. Кўчатлар атрофи ҳар сувдан сўнг яхшилаб юмшатилади ва бегона ўтлардан тозаланади. Ёз ойларида сув тақчил бўладиган ҳудудларда қишда 1–2 марта яхоб суви бериш тавсия қилинади.

Тоғли-лалмикор ерларда кўчатларни парваришлашда уларни ўғитлашни ўз вақтида амалга оширишга эътибор бериш зарур. Экилган кўчатларни яхши тутиши ва ўсишини таъминлаш мақсадида, биринчи йили ҳар бир кўчатнинг атрофига 4–6 кг органик ўғит ва 60–80 г аммофос солиш яхши натижа беради.

Ўсиш даражаси суст ёш боғларга ҳосилга тўлиқ киргунча 1 м2 га 6–8 граммдан соф азот, 3–4 граммдан соф фосфор ва 2–3 граммдан калий ҳамда 4–5 кг. дан органик ўғит солиш тавсия қилинади. Органик ва минерал ўғитлар биргаликда солинса, ўғит миқдори 1,5–2 баробар камайтирилади.




Улашиш: