Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолияти яхшиланади

20/Dekabr/2024 14:51
  1722

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 март куни “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорга имзо чекди.

Қарорга мувофиқ ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи идоралараро ишчи гуруҳ тузилади.

Қуйидагилар идоралараро ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

– ўсимликлар карантини соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрганиш;

– Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини соҳасидаги халқаро шартномаларга, шу жумладан Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро Конвенцияга (Рим, 1951 йил) қўшилиши бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

– Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ўсимликлар карантини соҳасидаги барча халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

– хорижий давлатлар карантин хизматлари билан (Қирғизистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Арманистон Республикаси, Таиланд Қироллиги, Япония, Малайзия, Сингапур Республикаси, Туркия Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Латвия Республикаси, Бангладеш, Ҳиндистон Республикаси, Афғонистон Ислом Республикаси ва бошқалар) ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича битимларни тузиш масаласини ишлаб чиқиш, шу жумладан бундай битимлар лойиҳаларини тайёрлаш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – Инспекция) тузилмасида қуйидагилар ташкил этилади:

– Халқаро алоқалар, инвестициялар ва инновацион ривожланиш бошқармаси;

– Ўсимликлар карантини хизмати бўйича фитосанитар хавфни прогнозлаштириш ва таҳлил қилиш бошқармаси;

– ички ва ташқи ўсимликлар карантини бўлими негизида Ички ва ташқи ўсимликлар карантини бошқармаси;

– Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича йиғма ахборот-таҳлил бошқармаси;

– Ахборот-коммуникация технологиялари бўлими.

Шунингдек, қарор билан 2018-2020 йилларда Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Қарорнинг тўлиқ матни билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин. 

Улашиш: