Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Минерал ўғит олишнинг янги усуллари ихтиро қилинди

21/Dekabr/2024 06:46
  1579

Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институтининг минерал ўғитлар кимёси гуруҳи раҳбари Сали Бауатдинов ер ости бойликларидан минерал ўғит олишнинг 3 технологиясини ихтиро қилган эди. 

Олим ушбу ихтиролар ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Ушбу минерал ўғитлар Қорақалпоғистон заминида мавжуд бўлган фосфорит, глауконит, бентонит каби ер ости бойликларидан олинади, – дейди С.Бауатдинов.

-Биринчи ихтиро – фосфоритдан ўғит олишдир. Қорақалпоғистондаги фосфоритлар юртимиздаги бошқа фосфоритлардан (Қизилқум, Гулёб) физик-кимёвий жиҳатдан фарқ қилади. Қорақалпоғистон заминидаги фосфоритларни пайдо этувчи кристаллар бир-бири билан жойлашуви бўшлиги, тупроқда секин эрувчанлиги илмий жиҳатдан исботланган.

Қорақалпоғистон фосфоритлари асосан сувда эримайдиган ўртача тузлардан ташкил топган. Шунинг учун ўсимликлар ундаги фосфорни жуда қийинчилик билан ўзлаштиради (аччиқ тупроқ шароитларидан ташқари). Тадқиқот натижасига кўра, чиғаноқли фосфоритларни фосфорит уни шаклида бевосита тупроққа солиш мумкинлиги аниқланди. Ундан қишлоқ хўжалигида ўртача шўрланган тупроқда фойдаланса бўлади. Самарадорлиги оддий суперфосфатдан қолишмайди. Демак, маҳаллий янги минерал ўғит пайдо бўлди.

Минерал ўғит кимёвий номи бўйича – туз. Кислоталилиги 3-4 фоиз кўрсаткичга эга бўлган минерал ўғит ерни шўрланишига олиб келади. Агар минерал ўғитлар билан фосфоритни аралаштирса (аралашма тайёрланса) ундан олинган минерал ўғитнинг кислоталилиги камаяди, ернинг шўрланиш даражаси ҳам пасаяди. Ўсимликнинг минерал ўғит олиш коэффициенти ошади.

Иккинчи ихтиро – глауконит ўғитидир. Қорақалпоғистонда глауконит минерали кенг тарқалган. Глауконит минералида ўсимлик учун керакли бўлган калий оксиди, бизнинг кейинги аниқлашимиз бўйича, 30 дан ортиқ макро-микро элементлар мавжуд. Бу кимёвий моддаларнинг кўпчилиги оксид ҳолида экани исботланмоқда. Бу элементлар тупроқда яхши эриши тажрибалар давомида аниқланаётир.

Глауконитдан олинадиган минерал ўғитнинг фойдаси катта. Биринчидан, минерал ўғит экологик аҳволнинг яхшиланишига олиб келади. Далаларга берилаётган фосфор ўғити сарфини 40-50 фоиз, азотни 20-30 фоиз, калий ўғитини 70-80 фоизга камайтиради, асосийси, маблағ тежалади. Иккинчидан, ўсимликнинг вегетация даврида тупроқ намлигини уч ой давомида 70-75 фоизга ушлаб туради, тупроқ таркибини яхшилайди. Глауконит табиий ўғит – тупроқни калий ўғити билан бойитади ва унинг таркибини яхшилайди. Ўсимлик ривожланишини тезлаштиради, турли касалликлардан ҳимоя қилади. Кимёвий заҳарли элементларни ўзига сўриб олади, тупроқни тозалайди. Ердаги гумус (чиринди) миқдорини оширади.

Гумус таркибида 5 фоиз азот, 20-30 фоиз фосфор, 70-80 фоиз олтингугурт бўлади. Глауконитда ва ундан олинадиган ўғитларда бизнинг илмий маълумотларга кўра, мис, цинк, кобальт, ванадий, бор каби макро-микро элементлар борлиги аниқланди. Агар улар етишмаса, ўсимлик яхши ривожланмайди, яхши ҳосил бермайди, экологик жараёнларга чидамсиз бўлади.

2016 йилда Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон бўлими қошида соатига 400-500 килограмм бойитилган глауконит ишлаб чиқариш қувватига эга махсус цех ишга туширилди. 25 тоннага яқин глаукофос, глаукокалий ўғитлари 21 фермер хўжалигига тажриба сифатида берилди. Натижада пахта ҳосилдорлиги кутилганидан ҳам юқори бўлди.

Учинчи ихтиро ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилайдиган бентонитдир. Кейинги йилларда Орол денгизи тубидан кўп миқдордаги тузлар шамол билан юртимиз вилоятларига кенг тарқалмоқда. Тупроқ шўрланиши минерал ўғитнинг фойдалилик даражасини камайтиради. Пахта ҳосилдорлиги оз шўрланган ерларда 10-15 фоизга, ўртача шўрланган ерларда 50 фоизга, кучли шўрланган ерларда 75 фоизгача камаяди.

Ана шу ернинг шўрланишига қарши курашадиган янги ихтиро бу – бентонитдир.

Қорақалпоғистон ҳудудида кенг тарқалган бентонит ернинг мелиоратив ва физик-кимёвий хусусиятини яхшилайди, ҳосилдорликни оширади. Агар нанбар (компост) сифатида фойдаланилса, ўсимлик ривожига таъсири юқори бўлади. Масалан, 7-10 тонна гўнгга 5-6 тонна бентонит аралаштирилиб нанбар қилинса, пахта ҳосилдорлиги 4-5 центнерга ошиб, вегетация даври қисқаради. Бентонит таркибида тез сингиб кетадиган 30 га яқин макро-микро элементлар бор. Бентонит ер намлигини сақлайди.

Қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилаётган минерал ўғитлардан аммофос, суперфосфат, аммофосфат ва бошқа таркибий азотли-фосфорли ўғитлар бугунги замон талабига жавоб бермайди. Ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитларнинг қишлоқ хўжалиги экинларига физик-кимёвий таъсири паст, яъни тупроқ миқдорида тез эриб кетади, фойдалилик даражаси кам. Дунё олимлари қишлоқ хўжалиги экинларига ҳар йили минерал ўғитлар бериш ернинг шўрланиши ва атмосферанинг, иқлимнинг ўзгаришига катта таъсир кўрсатишини илмий жиҳатдан исботламоқда. Қишлоқ хўжалигидаги узлуксиз кимёлаштириш ва минерал ўғитлардан узлуксиз тарзда фойдаланиш оқибатида атмосферада карбонат ангидрид гази, метан ва азот газлари йиғилмоқда, тупроқнинг сувсизланиш жараёни ошмоқда.

Маълумот учун, фанда қайд қилинишича, 1960 йиллардан буён Қорақалпоғистонда 1 гектар ерга ҳар йили 550 килограм, айрим жойларда 1 тонна туз тушади. Бу тузлар Орол денгизининг қуриган тубидан кўтарилган заҳарли чанг-тўзонлардир.

Ушбу ўғитлар ишлаб чиқаришга кенг жорий этилса, мамлакатимизга миллионлаб маблағ сарфлаб хориждан импорт қилинаётган ўғитлар ҳажми кескин камаяди. Шу билан бирга, энг муҳими, экологияни яхшилаш, ернинг унумдорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Манба: УзА

Улашиш: