Харид Қилиш Саватчаси

Жами

 Виола ҳақида маълумот

20/Dekabr/2024 22:58
  1760

     Ўзбекистон боғу-роғлар, гулу гулзорлар диёри. Шу боис юрт аҳли гулсевар. Ана шу муҳаббат турфа гулларни диёримизда етиштириш истагини пайдо қилиб, гулчилик соҳаси янада ривожланишига сабаб бўлмоқда. Бугун юртимиз гулзорларида етиштирилаётган гуллар беҳисоб, ҳар бири ўзига хос, бетакрор. Уларнинг орасида виоланинг ўрни бўлак. У ўта нафислиги ва шу вақтнинг ўзидаёқ ниҳоятда бежиримлиги билан қалбингиздан бир зумда жой олади. Сиз уни кўп учратгансиз... кўча-кўйда, боғ ва хиёбонларда, турли композицияларда... ва албатта қишнинг қаҳратон кунларида...Бинафша туркумига кирувчи виола ер юзининг деярли барча минтақасида етиштирилади. Уни яна ёрқин рангларга эга бўлгани учун уч рангли гунафша деб ҳам аташади. Жанубий минтақа вакиласи саналмиш бу гул қизиқарли ўтмишга эга. келиб чиқиши тоғли ҳудуд ва мўътадил иқлимли ерлар саналади. Ҳозир ҳам Бразилия, Американинг айрим ҳудудларида унинг ёввойи турларини учратиш мумкин. 2500 йил илгари уни Америкалик маҳаллий ҳиндулар сеҳрли кучга эга гул сифатида қадрлашган. Қачонлардир  қадимги римликларнинг севимли гули бўлган виола 16 - асрдан бошлаб гул шайдоларининг эътиборини тортади ва етиштириш қулай ҳамда осон бўлгани учун кенг миқёсда экила бошланади. 1683 йилда илк гибрид виола дунё юзини кўради.  

   Виола – бўйи 15 см.дан  30 см.гача бўлган, бир, икки ва кўп йиллик ўтли ўсимлик бўлиб, гулчилик саноатида  декоратив гул сифатида қадрланади, унинг жами бўлиб фанга  700 га яқин  тури маълум. Бундан ташқари ушбу миниатюр гўзални альпинарий, рокарий ва  бордюрлар четига экишда қўллашади. Микс  тарзида экилгани эса  камалак жилосини ҳосил қилиб, ландшафт композицияси умумийлигида ўзига хос колорит яратади.

  Виола инжиқ гуллар сирасига кирмайди. Уни гуллаб турган вақтида ҳам кўчириб ўтқазиш мумкин. Гуллаш даври март ўрталаридан майгача ёки августдан қиш - қировли кунларгача давом этади. Бу мафтункор гул очиқ ҳамда қуёшли ерни яхши кўради, аммо шу вақтнинг ўзида  қуёш нурлари тик тушишини ёқтирмайди. Шунинг  учун уни экаётганда кун давомида бир неча соат салқинда қолиши лозимлигини эътиборга олинг. Таъкидлаш керак, аслида у буткул сояда ҳам яхши ўсаверади, фақатгина бир қатор камчиликлар кўзга ташланади холос. Сояда ўсган виоланинг гуллари майдароқ ва рангпарроқ бўлади. Одатда бу гул уруғидан ва кўчатидан кўпайтирилади. экиш ишлари май ўрталаридан бошланади. 1 - 2 ойдан сўнг уни бемалол кўчириб экиш мумкин. Қаттиқ ерларни ёмон кўради. Аммо сиз гул чиройидан шу йилнинг ўзидаёқ баҳра олмоқчи бўлсангиз, унинг гул ёзмаган кўчатини февраль охирида экканингиз маъқул.  Экиш унчалик ҳам мураккаб эмас. Аввалдан кавланган чуқурчага гулни жойлаштирасиз ва тупроқ ташлаб яхшилаб босасиз, сўнг сув қуясиз. Кўчат оралиғи 10-15 см.ни ташкил қилиши керак. 

    Виола номи ҳам, ўзи ҳам, кўриниши ҳам бетакрор гул. Унга қараб тўймайди киши. Ожизгина, ҳуркаккина бу гул ақлни танг қолдиришга қодир...уни экаётганда ҳам шу сифатларни албатта эътиборга олиш лозим. Бу гулнинг илдизи унчалик чуқур жойлашмайди,  шунинг учун ҳам унинг тагини юмшатиб туриш ва тез - тез суғориб туриш керак. Унинг гуллаши бардавом бўлиши учун зийрак бўлиш, қуриган гулчаларини вақтида олиб ташлаш керак. Митти  гўзалнинг навлари кўп бўлиб, триколор, олтой виоласи, виттрока виоласи, сариқ виола шулар жумласига киради. Уларнинг  ҳар бири бир-биридан фарқ қилади. Масалан, Виола триколорнинг  бўйи  10см.дан 20 см.гача бўлиб, гул диаметри 5-8 см.га тенг.  Гулбарглар уч хил рангда товланади: юқори 2 гулбарг сиёҳрангда, ёнидагилари оқишроқ, қуйидагиси эса ёрқин сариқ рангда бўлади. У апрелдан октябргача гуллайди. Виола виттрока эса бошқа виолаларнинг чатишувидан юзага келган бўлиб, гуллари  йириклиги билан ажралиб туради. Гулбаргчаларнинг диаметри 10 см, бўйи 15 - 30 см атрофида, ранги бир тусда, 2 йиллик ўсимлик саналади.  

Олтой Виоласи кўп йиллик манзарали  ўсимлик бўлиб, бўйи 20 см.га тенг, ола чипор тусли, гулбарг четида сариқ доғчаси бор. Мавсум давомида 2 марта, апрелдан июнь ўртасигача ва августдан январь ўртасигача гуллайди.

Сариқ виола уларнинг орасида энг камтарини бўлиб, тўқ сариқ рангли гулбаргчаси бўлади. Бўйи  8 - 15 см атрофида,  майдан июлгача гуллайди. 

Одатда виола уруғлари четдан келтирилади. Аммо уруғликни ўзингиз ҳам олсангиз бўлади. Гул уруғли уйчага эга бўлиб, бу уруғ 2 йилгача унувчанлигини йўқотмайди. Аммо бу анчайин мураккаб жараён бўлгани учун гулчилар асосан тайёр уруғликларни харид қилишни маъқул кўришади. 

     Хуллас, энг қадимий боғ экини сифатида ҳозирга қадар кишилар меҳрини қозониб келаётган виолани етиштириш у қадар мураккаб эмас. Муҳими, табиатга ва албатта виолага меҳр бериш... бу меҳр жавобсиз қолмаслигига аниқ. 


Улашиш: