Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ерга "0" ишлов бериш технологияси ҳақида эшитганмисиз?

21/Dekabr/2024 02:54
  1534

     Қишлоқ хўжалиги ривожини унумдор ерларсиз тасаввур қилиш қийин. Мутахассисларнинг кузатишлари кейинги йилларда ерга муттасил ишлов бериш,  органик моддалар миқдорининг камайиши, тупроқ қуриши ва шўрланиши натижасида ер унумдорлиги кескин пасайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Аммо шунга қарамай  деҳқонлар яхши ҳосил олиш мақсадида экин майдонларига кўп марталик ишлов бериш, кетма-кет суғориш ва кимёвий ўғитлаш усулларидан фойдаланмоқда.  Натижада тупроқнинг табиий таркиби йилдан-йилга емирилиб, тобора кучсизланиб бормоқда. Албатта бу ҳолатнинг олдини олиш, мавжуд муаммонинг ечимини топиш мумкин. Бунинг учун эса ердан тўғри ва тартибли фойдаланишни йўлга қўйиш, экиш услубини тубдан ўзгартириш талаб қилинади. Ерни ҳайдамасдан, унга экин экиш мумкинлиги ва шу йўл орқали унинг таркибини яхшилаш мумкинлиги ҳақида эшитганмисиз? Тупроққа ноль ишлов бериш технологияси номини олган экиш усули МДҲ давлатлари орасида кенг тарқалган бўлиб, эндиликда ўзбек деҳқонлари ҳам бу усулни амалда синаб кўрмоқда.

     Мазкур экиш усули бир қатор афзалликларга эга. Энг аввало у тупроқда кечадиган табиий жараёнларни фаоллаштириш ва шу тариқа тупроқ унумдорлигини қайта тиклашга қаратилган.  Мазкур усулни қўллаш эҳтиёжи иқлим қурғоқчиликка юз тутаётган ҳозирги шароитда ер намлигини сақлаб қолиш, суғориш учун сарфланаётган харажатларни қисқартириш, тупроқ унумдорлигини ошириш масалаларини ҳал қилиш жараёнида юзага келди. Ўсимликлар қолдиғи кўринишидаги органик массанинг тупроққа қўшилиши ер биохилма-хиллигининг ортиши, сизот сувлар буғланишининг олдини олиб,  тупроқ шўрланишининг камайишига олиб келади. Бундан ташқари бу усул ерни қайта ишлашга кетадиган харажатларни қисқартириш, меҳнат ва моддий ресурсларни тежашга ёрдам беради. Бу эса ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари таннархини камайтиришга ва даромадни кўпайтиришга замин яратади.        Ерни хайдаш ва унга бошқа турдаги ишлов бериш тупроқнинг бир бутун ҳолдаги боғлиқлиги бузилишига, унинг майдаланишига сабаб бўлади. Бу ҳол шамол тупроқ зарраларини учириб кетиши, сувнинг эса суғориш ва ёғингарчилик вақтида ювилиб кетишига сабаб бўлади. Дунёда ҳар йили емирилиш оқибатида 24 млрд тонна унумдор тупроқ бой берилаётганини инобатга олсак, усулнинг нечоғли самарадорлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин.   Ерни қанчалик кўп ҳайдалса, шунчалик кўп тупроқ шамолда учиб, сувда ювилиб кетади. Тупроқ юзасида ўсимлик қолдиқларининг бўлиши эса унинг шамолда учиши, сувда ювилиб кетиши, унумдор қатлами емирилишининг олдини олади.

   Ä°lgili resim

 Ерга механик ишлов бериш тупроқни увалантиради ва емириладиган қилиб қўяди. У тупроқдаги унсурларнинг ўзаро биологик, кимёвий ва физик алоқаларини бузади. Ерга механик ишлов бериш тупроқнинг остки қатламини юзага чиқариб, унинг кислород билан реакцияга киришувини оширади ва шу тариқа  тупроқда кислородсиз яшайдиган организмларни ўлдиради. Ўз навбатида уларнинг йўқолиши тупроқ таркиби ёмонлашувига олиб келади. Тупроқдаги органик ўғитларни сақлаш, кўпайтириш ва чириндига айлантиришнинг янада фойдалироқ усуллари ҳам бўлиб, ерни ҳайдамай экин экиш шулар сирасига киради. 

Жаҳондаги деҳқончилик амалиёти шуни кўрсатдики, ер ўз таркибидаги организмлари ҳисобига ҳосилдорлигини қайта тиклагандагина ерга ноль ишлов бериш ўз самарасини бера бошлайди. Олимларнинг фикрича, ноль ишлов бериш самарадорлиги фақат уни 5 йил алмаштирмасдан қўллагандан кейингина барқарор юқори босқичга эришади. Ернинг таркибини бойитишда асосан кузги буғдой, шунингдек, арпа, сули, жўҳори ва тариқ каби бошқа экинларни ҳам экиш мумкин. Бу экинларнинг дони йиғиб олинганидан кейин йиғилмай қолган ўсимлик қолдиқлари майдаланади ва майдонда қолдирилади. Кейинчалик ер ўсимлик қолдиқлари билан қоплангач нолли сеялка ёрдамида асосий экинлар экилади. Тадқиқотлар  ўсимлик қолдиқлари сақланиб қолган ерда экин қолдиқлари сақланиб қолмаган майдонга қараганда тупроқ устида мавсумий туз йиғилиши 1,6 - 4 мартага камайишини кўрсатди.  

      Ерни ҳайдамай экин экиш технологияси тупроқни безовта қилмайди ва ундаги микроорганизмларни сақлаб қолади.  Ушбу технологиянинг ажралмас қисмларидан бири ўсимлик қолдиқларини у экилган жойда қоплама қилиб қолдиришдир. Ушбу қолдиқлар бирламчи табиий ўғит бўлиб, тупроқ микроорганизмларига овқат сифатида керак. Улар қолдиқларни чириндига айлантиради. Бундан ташқари ер ҳайдамай ҳосили йиғиб олинган ўсимликлар қоплама қилиб қолдирилганда тупроқ шамол ва сув емиришидан ҳимояланади, унинг унумдор қатлами  сақланиб қолади. Ўсимлик қолдиғи   қопламаси   тупроқ намлигини сақлайди, сувни тежайди ва тупроқдаги микроорганизмлар ҳаёти учун қулай шароит туғдиради. Тупроққа анъанавий ишлов берилганда эса унинг юзаси очилиб қолиши натижасида қуёш нурида қуриб кетади. 

 
Улашиш: