Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ўзбек ва хитой олимлари ипакчилик соҳасида ҳамкорлик қилмоқда

22/Dekabr/2024 03:53
  1534

Юртимизнинг ипакчилик тизимига малакали мутахассислар етказиб бериш ва уларнинг билимларини янада ошириш мақсадида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ипакчилик кафедраси ташкил этилди, дея хабар берди Ўзбекистон Миллий  ахборот агентлиги.

Бу ҳақида “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти билан ҳамкорликда Хитой фанлар академиясининг профессор ўқитувчилари билан ўтказилган учрашувда маълум қилинди. 

Унда юртимиздаги қатор ипакчилик илмий-тадқиқот институти олимлари ҳамда Хитой фанлар академияси профессорлари ипак қуртининг фибрина, тут дарахтлари зараркунандалари бўлган тут парвонаси ҳашаротига қарши курашишнинг самарали воситаларини ишлаб чиқиш борасида ҳамкорлик қилаётгани қайд этилди. Хорижлик олимлар билан ҳамкорликда лабараторияда мастер класс ўтказилди. 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси айни вақтда соҳа учун мутахассислар тайёрловчи олий ўқув юртлари - Тошкент давлат аграр университети, унинг Нукус ва Термиз шаҳридаги филиаллари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Термиз филиали, Фарғона политехника институти, Наманган муҳандислик-технология институтлари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамламоқда. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 29 мартда қабул қилинган "Ўзбекипаксаноат" уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳани ривожлантиришда сифат менежментининг замонавий усулларини қўллаш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, олий таълим муассасаларида пиллачилик тармоғи учун кадрлар тайёрлаш йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини такомиллаштириш ҳамда янгилаш вазифалари белгиланган.

Уюшмада ушбу вазифалар ижросини таъминлаш, ипакчилик соҳасида ташкил этиладиган янги корхоналар учун талаб этиладиган олий малакали муҳандис ва техник мутахассислар тайёрлаш мақсадида дастур ишлаб чиқилди. Бакалавр ҳамда магистрлар тайёрлашнинг ўқув ва фан дастурлари таҳлил этилиб янгиланмоқда. Ўтилаётган фанлар замонавий технологиялар асосида олимлар ва мутахассислар тавсияси асосида янги инновацион материаллар билан тўлдирилмоқда. 

Таълим олаётган талабаларнинг ўқув, битирув, диплом олди амалиётларини уюшма корхоналарида ўтказилиши таъминланмоқда. Шунингдек, бошқа вилоятлардан борган талабалар учун ётоқхоналар ва иссиқ овқат ташкил этилиб, “Устоз-шогирд” анъаналари йўлга қўйилди. 

Таъкидлаш жоизки, 2017 йил июль ойида уюшма тизимида фаолият юритаётган 5 нафар мутахассис Ҳиндистонда, август-сентябрь ойларида яна 29 нафар мутахассис Хитойнинг Цзянсу ва Шандон провинцияларида зотли ипак қурти уруғи етиштириш, ипак қуртини парваришлаш технологияси, сифатли пилла ишлаб чиқариш йўналишларида малака оширди. Ҳозирда улар жойларда илғор хорижий агротехнологиялар бўйича ипак қурти боқиш юзасидан семинарлар ўтказмоқда. Жорий йилда яна 55 та мутахассис хорижга юборилади. Тизим корхоналарида 10 дан ортиқ Хитой ва Ҳиндистондан таклиф этилган мутахассислар илғор усулларда ипак қурти боқиш, замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича ўқитиш ишларини олиб бормоқда.

Манба: УзА

Улашиш: