Харид Қилиш Саватчаси

Жами

3 миллионни келтирадиган 120 минг

22/Dekabr/2024 02:50
  1668

Ўрта Чирчиқ туманидаги «Уйғур» маҳалласида ўзига хос деҳқончилик маданияти шаклланган экан. Бу ҳудуддаги ҳар бир хонадон аҳли томорқадан унумли фойдаланиш орқали оиласи фаровонлигини таъминламоқда. Броккол, дайкон, корейс карами экиб, тажриба қилаётган, бу борада бозор талабини ўрганиб, энг эртапишар ҳосилни ким етиштириш борасида яхши маънода «ким ўзарлик» қилаётган ҳам шулар.

- Ҳар бири уч сотихлик учта иссиқхонамиз бор,-дейди томорқачи Сардор Усмонов.- Унда саримсоқпиёз, гулкарам, помидор, дайкон, кабачки етиштирамиз. Мавсумга қараб, кетма-кет экамиз.

Ўтган йили қўшним билан тажриба тариқасида янги экин - қизил карам етиштириб кўрдик. Қишда экилган саримсоқпиёз ҳосили сотиб бўлгач, минг дона қизил карам кўчатини экдик. Уни ҳар килограммини уч минг сўмдан сотдик. Ҳар бири икки килограммдан тош босган карамлардан етти миллион сўм фойда кўрдик. Фойдаси яхши бўлганидан қувониб, бу йил икки минг дона кўчат экдик. 

Бу йил яна ҳам кўпроқ ва тезроқ ҳосил етиштириш учун уни уруғини бир ой олдин, тупроқ тўлдирилган стаканларга қадаб қўйдик. Саримсоқпиёздан бўшаган ерга кўчат ҳолида экилган қизилбош карамларимиз ҳозир пишиш арафасида. Уни йиғиб олгач, май ойининг охирига бориб бодринг кўчатларини экамиз. Сентябрларда яна сабзавот эксак, янги йил дастурхонига янги маҳсулотлар етказиб берамиз.

Энг қизиғи, бу хонадонда томчилатиб суғориш тизими ишлаб турибди. хонадон аҳлини айтишича, уч сотих ер бу тизим орқали бир соатда суғорилади. Ўғитлар ва озуқа ҳам ана шу сув орқали бир маромда ўсимликларга етказиб берилар экан. Бунда ерларни ортиқча захдан асраш билан бир вақтда сувни тежашга ҳам эришилар экан.

Ҳар бир иссиқхонада турлича экин экаётган деҳқон, бозорда маҳсулотларга бўлган талабни ўзгариб туришини ҳисобга олган. Бир маҳсулотни нархи тушиб кетса, иккинчиси билан акси бўлади. Шу тариқа томорқа эгаси зарар кўрмайди.

- Яна бир иссиқхонамизда дайкон етиштиряпмиз,-дейди Сардор ака.- Унинг уруғини олиш учун 120 минг ҳаражат қилдик. Ўзимизни тилимизда оқ турп деб айтиладиган бу экиннинг эртапишари уч минг сўмдан баҳоланади. 120 минг сарфлаб, уч миллион оламиз, насиб бўлса. Уни йиғиб олишимиз билан кабачки кўчатларимиз ҳам тайёр бўлади. Кўчат усулида тайёрлаб экилганда, у 20 кун олдин пишади. 

Сайёра Шоева

Манба:  ЎзА

Улашиш: