Харид Қилиш Саватчаси

Жами

ГИННЕСНИНГ  рекордлар китобидан жой олган дарахт

19/Dekabr/2024 22:56
  2084

    Сўнгги йилларда манзарали боғдорчиликда кенг қўлланилаётган, қимматли хомашё манбаи ва фойдали хусусиятлари сабаб кишилар эътиборини тобора жалб қилиб келаётган павловния дарахтини мўъжиза дарахт деб аташ мумкин.  Эътиборлиси, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятидаги тажриба майдонларида ҳам ушбу ажойиб дарахт плантациялари кўплаб ташкил этилмоқда. Павловниевлар  оиласига мансуб  Павловния  дарахти бир йилда 7 метргача ўсиш қобилиятига эга бўлиб, баргларининг диаметри катталиги билан бошқа дарахтлардан фарқланиб туради. Ўсимликнинг шохлари тўғри, буталари ёйиқ. Дарахт баргининг диаметри 75. см.атрофида бўлса,  поя йўғонлиги 1 метрга тенг. Баъзи турлари  27 даража совуққа ҳам чидамли бўлади. Дарахт Узоқ Шарқ, Жануби - Шарқий Осиё, Хитой, Тайвань, Лаос ҳамда  Вьетнамда ўсади. 4 ёшлик дарахтнинг бўйи 15 – 20 метргача етиши мумкин. Қимматли боғ дарахти саналмиш павловния илиқ ва нам иқлимда етиштирилади. Фанга  унинг 7  тури маълум. Хитойда павловнияни аждарҳо дарахти деб аташса, японияда кири деб номлашади, бугунги кун олимлари эса уни келажак дарахти сифатида эътироф этишмоқда. Чиройли  гуллаши, тез ўсиши, баргларининг катталиги, шохларининг гўзаллиги уни хиёбон ва боғларда манзарали дарахт сифатида экиш имконини беради. Тез ўсувчанлиги сабабли у  шамол тўсувчи ҳимоя қатламларини яратишда яхши кўмакчи, турфа емирилишларнинг, эрозиянинг олдини олишда самарали ўсимлик саналади.  Шу сабаб ҳам уни “мўъжиза дарахт”  деб аташади. У атроф - муҳитга зиён - заҳмат етказмай кўп  фойда ва маблағ келтира олади. Юртимизда ушбу дарахтни ин витро усулида лабаратория шароитида ва махсус кўчатхоналарда етиштириш йўлга қўйилган.   

     Павловния дарахти юртимизда кенг тарқалмаган бўлсада, унинг хусусиятлари ҳақида билишга қизиққанлар кўп. Бир қарашда бу дарахт кўчатининг бир йилдан сўнг бақувват ва баланд дарахтга айланишига ишониш қийин. Аммо бу ҳақиқат. Дунёдаги энг тез ўсувчи дарахт таърифига лойиқ топилган бу дарахт чиндан ҳам жуда тез ўсади ва бу кўрсаткич рекорд даражага етади. Йил давомида   етти метр баландликни забт этиш фақат павловнияга хос хусусият бўлиб, ёғочи ҳам жуда енгил бўлиши билан ажралиб туради. Мисол учун, эман дарахти ёғочининг бир куб метри ўртача 850 килограмм, қарағайники 482 килограммни ташкил этса, павловнияда бу кўрсаткич кўпи билан 282 килограммга етади. Унинг ёғочи қурилиш ва пардозлаш маҳсулоти сифатида қадрланади. Унга ишлов бериш осон бўлиб, тахта ранги кумуш рангдан  оч жигарранггача бўлади. Дарахт ёғочи таркибида намлик кам ва у ёнувчан эмас. Ёғочда 10-12%  сув бўлади, у сув шиммайди ва шу боис ундан ясалган буюмлар деформацияга учрамайди. Яна энг муҳим жиҳати, унга ёғоч қурти  тушмайди. Мустаҳкамлиги ва узоқ йиллар давомида фойдаланиш имконияти мавжудлиги сабаб унинг ёғочидан шифт, эшик, жавон, стол ва стуллар тайёрланади. Павловния ёғочида сув миқдори ва ёниш хавфининг камлиги уни автомобилсозлик, самолётсозлик ва кемасозлик сингари йирик саноат тармоқларида истиқболли хом ашёга айлантирмоқда. Хусусан, халқаро амалиётда автомашиналар ишлаб чиқариш саноатида павловния ёғочидан фойдаланиш афзал кўрилмоқда. Хитой ва Японияда ўсимликдан турли мусиқа асбоблари, мебель жиҳозлари, тоғ чанғилари, сноубордлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бундан ташқари дарахт қоғоз, этанол, фанера, қурилиш конструкциялари, ўйинчоқлар ва қути ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилади. Қурилишда фойдаланиш имкониятига кўра уни ўзимизнинг чинорга қиёслаш мумкин. 

Павловния ниҳоятда универсал. Ушбу экзотик дарахтнинг ҳамма қисмларидан унумли фойдаланиш мумкин. Ана шуниси билан у қадрли ва дунё бозорида шу хусусияти боис етакчиликни қўлга киритмоқда.  Нафислиги билан лол қолдирувчи  бу дарахтни яна Нефть қудуғи деб ҳам аташади. Унинг 1 тонна ўтини ёнганда 480 кубометр газ ёқилгандаги каби иссиқлик ажралиб чиқади. Ёғоч чиқиндиларидан олинадиган ёқилғи грануласи - пилетлар ҳам анча тежамкор бўлиб, иссиқлик энергиясининг янги манбаи сифатида хорижда унга эҳтиёж анча юқори. Пилетлар ёниш жараёнида  юқори иссиқлик самарадорлиги билан ажралиб туради. у ёнганда 3 бора кўп иссиқлик ажратади. Пилет нам тортмайди. Шу сабаб юқори иссиқлик ўтказувчанлиги вақт ўтиб ҳам камаймайди. Газ кам ерларда самарали саналиб, ёқилғига муқобил манба бўла олади.

    Гуллаганда ажиб манзара кашф этувчи павловния тоза ҳаво манбаи сифатида кўкаламзорлаштиришда шаҳарнинг ўпкаси, кислород фабрикаси саналади. Дарахт барг диаметри 75 см.ни ташкил қилади ва бу газ, чангни кўп миқдорда ушлаб қолишга ҳамда фотосинтез жараёнида шунча кўп кислород ажралишига сабабчи бўлади. Дарахт  жигар, буйрак, ўпка фаолиятига ижобий таъсир кўрсатадиган моддаларга бой. Хитой фармакология саноати павловния асосида дори ишлаб чиқариш билан шуғулланса, Осиё ва Европа унинг баргларидан косметик восита сифатида фойдаланади. Дарахт баргларидаги экстрактлар крем ва атирлар таркибига киритилмоқда. Мутахассислар ундан биоэтанол ажратиб, унга келажак ёнилғиси сифатида қарашмоқда. Демак, дарахтнинг ҳали қўллаш  мумкин бўлган ва ҳозирча кашф қилинмаган имкониятлари талайгина. 

     Павловния дарахтининг илдизи тез ривожланади, шу боис   эрозия хавфи кучли ҳудудларда ўрмонлаштириш учун жуда қулай, самарали дарахт саналади. Сифатли ёғоч хомашёси беришдан ташқари павловния асал берувчи дарахт сифатида ҳам қимматлидир. Унинг гуллари нектарга ниҳоятда бой, улардан олинган асал ўта хушбўй, тиниқ ва юқори сифатли бўлади. Павловния гулларидан йиғилган асал нафас олиш йўли хасталиклари, бронхит ва ўпка касалликларини даволашда жуда фойдали.

       Бугунги кунда Хитой павловния дарахтини етиштириш бўйича дунёда етакчилик қилаётган бўлса, Япония уни  сотиб олувчи йирик харидор саналади. Биргина Хитойнинг ўзида йилига 1.2 миллиард павловния дарахти етиштирилади. Европада ҳам кўплаб павловния плантациялари мавжуд. Маълумотларга қараганда, Японияда  павловния эрамиздан аввалги 200 йилда ҳам экилган экан. Анъанага кўра оилада қиз фарзанд дунёга келса уй атрофига албатта павловния дарахтини экишган. Қиз вояга етиб, турмушга чиқадиган вақтда эса дарахт кесилиб, ундан тўй  сандиғи  ясалган. Яна бир афсонага кўра, павловнияни уй яқинига экишса, ҳумо қуши учиб келиб,  хонадонга бахт олиб келар экан.  Бундан ташқари Япониядаги ҳар бир оилада албатта павловниядан ясалган бирор уй жиҳози бўлади.     

    Павловниядан   8- 15 йилда юқори сифатли енгил ва қаттиқ  тахта олиш мумкин. Павловния  дарахти 4 йилда 1 куб метр, 8 йилда 2 куб метр ёғоч беради. Бир гектар ерга 1000 та кўчат экиш мумкин. Бундай ёғоч тахта берадиган дарахт Ўзбекистонда йўқ. Хар йили бир гектар ердан 100 тоннагача биомасса олиш мумкин.  

      Келажак дарахти. Павловниянинг имкониятларини чамалаб чиқсак, дарахт чинданда бу номга лойиқлигини кўриш мумкин. Ахир биргина дарахтнинг ўзи қанчалар саноатбоп, имкониятлари чексиз. Аминмизки, қисқа фурсатларда ушбу мўъжаз дарахтнинг янги қирралари албатта  кашф   қилинади. Қолаверса,      чиройли  гуллаши, тез ўсиши, баргларининг катталиги, шохларининг гўзаллиги уни хиёбон ва боғларда манзарали дарахт сифатида экиш имконини беради. 

            


Улашиш: