Харид Қилиш Саватчаси

Жами

  БАТАТ, ширин картошка ҳақида эшитганмисиз?

22/Dekabr/2024 07:53
  1459

Картошкадан ҳам аввал етиштирилган батат 8 минг йиллик тарихга эга. У дастлаб Колумбия ва Перуда етиштирилган. Ширин картошка номини олган батат печакдошларга  мансуб,  кўп йиллик  иссиқсевар  ўсимлик.  

Батат  қаламчасидан кўпайтирилади.  Февраль—март  ойларида иссиқхоналарда  картошкасидан  чиққан ўсимталардан  қаламча  тайёрлаб, парникларда  илдиз  оттирилади. Кўчатлари май ойида қатор орасини 70 — 80 см, қатордаги туп орасини 30 — 40 см қилиб ўтқазилади. Кўчат атрофи юмшатилиб,  ўғитлаб  турилади, 12—14 марта суғорилади. Сентябрь— октябрь ойларида палаги  ўрилиб,  кейин  картошкаси кавлаб  олинади.  

Батат палагининг узунлиги 15-18 см.га етади. Ён илдизлари оқ, сариқ, оловранг, пушти, қизил, сиёҳранг тусдаги, истеъмолга яроқли илдизмева ҳосил қилади. Битта илдизмеванинг вазни 200 г.дан 3 ва ундан ортиқ кг.гача етади. Барглари юраксимон. Баъзи навлари гулламайди. Ҳозирда батат маданийлашган нав сифатида кенг тарқалган ҳамда тропик ва субтропик иқлимли мамлакатларда етиштирилади. 

Батат мевасининг узунлиги 30 см.гача етиши мумкин. Унинг пўстлоғи юпқа, эти майин, серсув, юзаси силлиқ. Илдизмевалар навига қараб турли шаклда бўлиши мумкин. 

У иссиқсевар ва 20 С дан паст бўлмаган ҳароратда яхши ривожланади. Унинг баъзи навлари ўз-ўзидан кўпайиш хусусиятини йўқотган, баъзи навлари умуман гулламайди, шу боис у вегетатив йўл билан кўпайтирилади. Ушбу ўсимликни Ўзбекистон шароитида кореялик мутахассислар етиштириб кўришди ва мўл ҳосил олишга муваффақ бўлишди. Ўзбекистон-Копиа қишлоқ хўжалиги маркази директори Ан Хи Сун батат етиштиришни юртимизда кенг оммалаштириш ниятида. У билан суҳбатлашганимизда батат етиштиришнинг сирлари билан ўртоқлашди.

- Биз батат уруғини Кореядан келтириб, уни Ўзбекистонда экиб, кўпайтиришга муваффақ бўлдик. Ҳозирда батат қаламчаларини ўзимизнинг тажриба даламизда тайёрлаяпмиз. Энг аввало кўчатларни бир-биридан 25 см узоқликда экиб чиқдик. Буни экиш ниҳоятда осон, бунинг учун  аввалдан тайёрланган узунроқ таёқни белгиланган ерга суқиб, дарҳол суғурамиз, ҳосил бўлган тешикка қиялатиб кўчатлар жойлаштирилади. Кўчатнинг 4/3 қисми ер остида қолади, сўнг қўл билан бироз босиб қўйилади. 1 ойда кўчат ўзини тиклаб олади, ҳатто шу ўсган новдалардан ҳам кўчат  тайёрласа бўлади. Пастдан кўз қолдириб, юқори томонини кесиб, илдиз оттириб, яна кўчириб ўтказса бўлади. Кўчатзорни  катта қилиш шартмас. 1 та банддан жуда кўп новда олиш мумкин. Яна бир жиҳатга аҳамият қаратиш лозим, эгат 60 см. баландликда олинади. Кўчат эккандан сўнг дастлабки ойларда илдиз отвогунча кўп суғориш талаб қилинади. Негаки сув кўп берилса кўзчалар сони ортади. 

Бататнинг илдизи вақт ўтган сари катталашиб боради. Ўсимлик касалликларга чидамли. Уни  қанчалик эрта эксангиз мева катталашиб боради. Экиш учун энг мақбул вақт апрель ойи саналади. Бундан ташқари бататни май ва июнда ҳам экишингиз мумкин. Баҳорда об-ҳаво мўътадил, жуда  иссиқ бўлмагани учун кўчатлар яхши унади. Ёзда экадиган бўлсангиз кўчатлар куйиб қолиши мумкин. Шунинг учун  июнда экадиган бўлсангиз кўчат устига қора мато ёпиш тавсия этилади. 4-5 ойда ҳосил етилади. Кавлаб олинган ҳосил албатта 2-3 кун давомида қуритилади. Акс ҳолда заха бўлган жойлари чирий бошлаши мумкин. Қолаверса қуёш нури дезинфекцияловчи вазифасини ўтайди ва яхши қуритилган бататлар янаям мазалироқ бўлади. Бататлар етарли шарт-шароит яратилганда яхши сақланади. Бундан ташқари бататни оралиқ экин сифатида ҳам етиштириш мумкин. 

           Батат новдасининг ичидан шира чиқади, бу аслида  крахмал, у банд орқали илдизга ўтиб боради. Кечки бататда крахмал кўпроқ тўпланади. шунинг учун кузги катрошка мазалироқ ҳисобланади. Битта кўчатдан 2 кг.дан кўп ҳосил олинади. Энди буни рақамларга айлантирадиган бўлсак 1 гектардан 30  - 40  тоннагача  ҳосил олиш мумкинлиги  ойдинлашади. Бататдан  1 йилда 2 марта ҳосил олиш мумкин. Ўзбекистонда буғдойдан кейин экилса тупроқ унумдорлигини оширади. 

Ўзбекистон замини зарга тенг. Истак бўлса ҳар қандай ўсимликни кўпайтириш, етиштириш мумкин. 

 Ҳозирги  вақтда  сабзавот  экинлари  дунёнинг  барча  мамлакатларида ўстирилади. Сабзавотчилик  -  қишлоқ  хўжалигининг  муҳим  соҳасига айланиб улгурди.   Сабзавот   экинларини    экин  сифатида  озиқ-овқатга,  чорва моллари  учун  ем-хашак  ва  техник  мақсадларда  ишлатиш  учун  хом  ашё сифатида етиштириш мумкин. Мамлакатимизда кузги бошоқли-дон экинлари йиғиштириб олинганидан сўнг  уларнинг ўрнига такрорий экинлар етиштириш учун имконият бор. Айтайлик, бошоқли-дон экинлари 15–20 июнь муддатида йиғиштириб олинса, ундан кейин тўрт ой, яъни 120–130 кун иссиқ ва ҳароратли кунлар давом этади. Шу ойлар мобайнида 1600–1800 оС фойдали ҳарорат йиғиндисини заминимиз қабул қилади. Бу эса республикамизда кузги бошоқли дон экинларидан кейин такрорий экинлар экиб, ҳосил олиш имкониятини беради. Такрорий экин сифатида  экиш тавсия қилинадиган ва серҳосиллиги билан ажралиб турадиган экинлардан бири бататдир. Осиё ва Европа давлатларида кенг экиладиган бу ўсимлик бизнинг диёримизда ҳам етиштирилади. Аммо эътиборни дуккакли-дон ва мойли экинлардан мош, ловия, соя, кунгабоқар, ерёнғоқ, кунжут, зиғир, ёрма-дон экинларидан тариқ, маржумак, сабзавот-полиз экинлардан карам, сабзи, шолғом, турп, пиёз, саримсоқ пиёз, қалампир, бодринг, помидор, бақлажон, батат, қовун, тарвуз, картошка, ем-хашак ва дон экинлардан маккажўхори, жўхори, судан ўти, шоли, сидерат экинлардан хашаки нўхат, хантал, рапс, перко, жавдар, тритикале ва бошқа экинларга қаратиш зарур. Такрорий экинларни экиш учун ер тайёрлаш ишлари экин турларига боғлиқ ҳолда ўтказилади. Масалан, дуккакли-дон ва мойли экинлардан мош, ловия, соя, дон экинлардан маккажўхори, кўп ўримли жўхори, ем-хашак экинлардан хашаки нўхат, хантал, рапс, перко, жавдар, тритикале каби экинларни экиш учун бошоқли-дон экинлари ўриб йиғиб олиниб, дала сомон қолдиқларидан тозалангандан сўнг далани енгил суғориб, ер етилганидан сўнг буғдойпоя қатор ораларини культиватор ёки чизель-культиватор ёрдамида юмшатиб, сабзавот сеялкалари ёрдамида экиш ишлари амалга оширилади. қолган барча экин турлари учун ер тайёрлашда далалар енгил суғориб олинганидан кейин омоч ёрдамида 20–22 см чуқурликда ҳайдалади ва борона қилинади. Республикамиз шароитида ушбу такрорий экинларни навларига қараб 1–5 июнь–10 июль оралиқларида экиш мумкин. Такрорий экинларни жойлаштиришда далани сув билан таъминланганлик даражасига эътибор қаратиш талаб этилади. Сув таъминоти оғир, кучсиз шўрланган, сизот сувлари ер юзасига яқин жойлашган ҳудудларда дуккакли-дон экинларидан ош, ловия, мойли экинлардан кунжут, зиғир, ёрма-дон экинларидан тариқни экса бўлади. Қолган экин турларини имкон борича сув танқис бўлмаган ҳудудларда экиш мақсадга мувофиқдир. Ер ва сув ресурсларининг чекланган шароитида аҳолининг озиқ-овқат, жумладан, қишлоқ хўжалиги махсулотларига бўлган талабининг йил сайин ортиши ердан самарали фойдаланиб, суғориладиган майдонлардан бир йилда икки-уч ҳосил олишни, бунинг учун тупроқнинг мелиоратив ҳолати ҳамда унумдорлигини яхшилашда алмашлаб экишга эътиборни қаратишни ҳаёт тақозо этмоқда. Шундай экан, ҳосил етиштиришда энг аввало тупроқ унумдорлигини оширишда алмашлаб экишга эътибор бериш мақсадга мувофиқдир.


Улашиш: