Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Отларни парваришлаш бўйича тавсиялар

20/Dekabr/2024 11:44
  1369

Зотни танлаш. Республикамиздаги отларнинг 90 фоизидан ортиғини маҳаллий қорабайир зотли отлар ташкил қилади. Қорабайир зотли отлар мустаҳкам конституцияли бўлиб, маҳаллий иқлим шароитимизга яхши мослашган, универсал зот ҳисобланади. Зотни танлашда асосан унинг қарчиғай баландлигига, кўкрак айланасига, гавда қия узунлигига ва кафт айланасига эътибор бериш керак. Масалан, орқа оёқлари бир-бирига яқин бўлмаслиги, олди оёқлари ва кўкраги кенг, бўйни узун, орқа сағриси тўғри бўлиши керак.

Отларни парваришлаш. Ёш отларнинг жинсий етилиши 6–8 ойликдан 12–18 ойликгача бўлган даврда содир бўлади. Жинсий етилишнинг дастлабки даврида ёш отлар танасининг тез катталашуви кузатилади. Отларнинг ўсиши 5 ёшгача давом этади.Қулун туғилгандан сўнг организм дастлабки 2–3 кун мобайнида қайта тиклана бошлайди. Бу даврда калорияли озуқалар билан озиқлантирилмаса, уларнинг скелети яхши ўсмайди, ривожланмайди.

Қулунлар ҳаётининг дастлабки бир ойи мобайнида онасини ҳар соатда эмиши керак. Улар 1–1,5 ойликдан бошлаб ўсимликлар билан, 2-ойи охиридан бошлаб эса концентрат озуқаларга ўргатила борилади.

Қулунлар 6–7 ойлигида онасидан ажратилади. Онасидан ажратилишининг энг яхши муддати август-октиябрь ойлари ҳисобланади. Онасидан ажратилган ёш қулунлар суткасига 4 марта озиқлантирилади. Концентрат озуқалар суткасига 3 маҳал, пичан 3 маҳал, ширали озуқалар 2 маҳал берилади.

Нимжон туғилган қулунларнинг ҳар бир боши ҳисобига иссиқ сувга аралаштирилган сигир сути берилади. Бунда бир литр сутга 20–25 грамм қанд ҳам қўшилади.

Октябрдан то январга қадар эркак тойларга 100 кг тирик вазнга 2,8, урғочи тойларга ҳар 100 кг тирик вазнга 2,5 озуқа бирлиги берилади.

Бунда ҳар бир озуқа бирлигига 105–106 г ҳазмланувчи оқсил, 6,5–7,5 кальций, 5,5–6 г фосфор ва 20 мг каротин тўғри келиши керак. Дастлабки ойларда тойлар рационининг 50–60 фоизини тўйимлилиги бўйича концентрат озуқалар ташкил этади. Рациондаги дағал озуқалар миқдори аста-секин ошиб боради. Ёз кунлари қулунлар куни билан яйловда бўлиб, фақат кун жуда исиб кетган вақтдагина отхонага ҳайдаб киритилади, концентрат озуқлар билан боқилади.

Отларни отхоналарда тақасиз, боғламасдан эркин ҳолда боқиш мақсадга мувофиқдир. Отхонанинг ёруғ, қуруқ, шамолсиз ва тоза бўлиши отлар соғлиги учун жуда фойдалидир. Ёруғликда отлар организмида модда алмашинуви тезлашади. Бунинг учун деразалар полдан 1–1,5 м баландликда қурилади. Ҳарорат 8–10ºС бўлиши керак.

Айғирларни зооветеринария қоидаси асосида озуқлантириш уларнинг жинсий фаоллигини оширади. Айғирларнинг рационида бошоқли ва дуккакли пичанлар, арпа ёрмаси, сабзи, беда, гўшт-суяк ва қон уни, тухум ва бошқа оқсил витаминлар ҳамда минерал моддаларга бой бўлган озуқалар бўлиши керак. Уларнинг ҳаддан ташқари семириб кетишига йўл қўймаслик керак. Охурларда доимо Лизун тузи бўлиши керак. Айғирларнинг 100 кг тирик вазни ҳисобига суткасига 2 кг озуқа бирлиги тўғри келиши керак.

Айғирларнинг жинсий имкониятларини кўпайтирувчи омиллар қуёш нури, тоза ҳаво, доимий ҳаракат ва чўмилтиришдир. Ҳавонинг иссиқ ва совуқ кунлари айғирларни яйратишга чиқариш зарур.

Ёз ойида айғирларни 10–12 минут 14–15ºС иссиқликдан паст бўлмаган сувда чўмилтириш фойдалидир. Ҳар куни тозалаш, бир ойда бир марта туёқларини кўриш, улар ўсган бўлса, кесиб тозалаш зарур. Бир кунда 1–2 марта бияларга қўйиб олиш мумкин. Бир ҳафтада бир кун дам берилади. Бияларнинг бўғозлик даври ўртача 335 кунни, айрим ҳолларда 315–350 кунни ташкил этади.

Эркак қулунлар урғочи қулунларга нисбатан 1–2 кун кейин туғилади. Шуни айтиш зарурки, агар бия боласини жуда оз кўтарса, бу унинг касаллигини билдиради. Бўғозликнинг 7–8 ойида биянинг қорни осилади, елини катталашади, тез-тез сияди, терлайди ва чарчаб қолади. Туғишига 2 ой қолганда биялар барча ишларда озод қилинади, 15–20 кун қолганда эса тагига тўшама солинган доимий оғилхоналарга кўчирилади. Қулунлашга 1–2 кун қолганда биянинг елини кўпчиб, елин сўрғичларидан елимга ўхшаш суюқлик кела бошлайди. Туғиш олдидан безовталанади, озуқа емай қўяди. Қулунлаш 20–40 минут давом этади, тўлғоқ 2–3 минутда қайталанади.

Қулун туғилганидан кейин киндиги қорнидан 5–6 см пастроқдан тоза ип билан боғланиб, қайчида қирқилади. Қирқилган жойга йод суркалади. Агар биянинг йўлдоши 12 соат ичида тушмаса, ветеринария врачига мурожаат этилади.

Янги туғилган қулунни биянинг ўзи ялаб қуритади. Ялаш жараёнида қулуннинг териси массаж қилинади, нафас олиши ва қон айланиш функцияси органлари кучаяди, биянинг йўлдоши тез ажралади, жинсий органлари меъёрлашади. Янги қулун то оёққа тургунча биянинг елин сўргичларини қидира бошлайди. Бундай пайтда унга уй эгаси ёрдам бериши керак. Биянинг елинини ювиб ташлаш, сўрғичларни сочиқ билан артиш ва дастлабки сутни соғиб ташлаши керак.

Бияларни сунъий қочириш: зооветеринария шохобчаси ходими томонидан амалга оширилади. Бунинг учун хонадонга яқин жойлашган шохобчага буюртма берилади.


    А.Нурматов, Б.Аллашов 

Улашиш: