Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Қизилмия: доривор ва даромадли ўсимлик

21/Dekabr/2024 11:09
  1828

Кейинги йилларда қизилмия етиштириш жадал суръатларда ривожланмоқда. Айниқса, давлатимизда қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар етиштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 27.01.2018 йил санасида  63-сонли “Ўзбекистон Республикасида қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ҳамда саноат усулида қайта ишлашни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қабул қилган қарорига асосан,  қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этувчи, шунингдек, қизилмия илдизини қайта ишловчи ва тайёр маҳсулот чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектларга 2024 йил 1 январгача бир қанча имтиёзлар берилган. Энди, ушбу имтиёзлар қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш билан шуғулланадиган одамларнинг кўпроқ даромад олишларига ёрдам беради.

Маълумотларга қараганда, қизилмия сувсиз жойларда бедадан кўра кўпроқ ҳосил беради. Илдизи 4-5 метргача чуқур кириб, тупроқдаги фосфорни яхши ўзлаштиради. Илдиз тизимининг кучли ривожланиши, дуккакли ҳамда туганак бактериялар фаолиятининг юқорилиги туфайли  тупроқни азот билан бойитади. Пичанининг таркибидаги протеин миқдори юқорилиги жиҳатидан бедадан кейин иккинчи ўринни эгаллайди.

Қизилмия дуккакдош ўсимликлар оиласига мансуб кўп йиллик ўт ўсимлик. 

Уруғи 1-2 даражада уна бошлайди, 18-25 даража ҳароратда тез унади. -42 дан -48 даражагача совуққа чидамли бўлади. Баҳорда -12 даража совуқ ҳам урмайди.

Оддий қизилмия униб чиққанидан 1,5-2 ҳафта ўтгач илдиз бўғзидан бошсимон, юмшоқ қават вужудга келади. 20 кун ўтгач ҳар бир тупида 20 донадан 50 донагача барг ҳосил бўлади, 3 ой давомида ўсиш-ривожланишда давом этади. Бу ҳол 2-3 йил давом этиши мумкин. Баҳорда бедадан олдин униб чиқади, кўкариб чиқишидан гуллаш давригача 60-65 кун, уруғларининг пишиб етилиши учун эса 110-120 кун ўтади. Кузда суткалик ҳарорат 5 даражадан паст бўлса, ўсишдан тўхтайди.

Мазкур ўсимлик қурғоқчиликка ўта чидамли. Ривожланган илдиз тизими пастки чуқурликдан (1-2,5 м) ҳам сувни сўриб олади. Агар қизилмия ерга яхши ўрнашиб олса, совуққа ҳам, иссиққа ҳам чидамли бўлиб ўсаверади. Бир грамм қуруқ модда тўплаш учун 300-400 грамм сув сарфлайди. Бу беда ёки қизил себаргадан кам, сув тақчил ҳудудларда ҳосилдорлиги бедага қараганда 20-25 фоиз кўп бўлади. Сувга талаби шоналаш-гуллаш даврида кучаяди. Агар гектаридан 50-60 центнер  пичан олмоқчи бўлсак, бир метрли тупроқ қаватида икки минг тонна сув керак бўлади.

Қизилмия ёруғликка талабчан, бироқ уруғ униб чиқиш даврида ёруғ-ликни унча талаб этмайди. Агар уни баҳорги буғ-дой билан аралаштириб экилса 28 центнер, арпа билан экилса 23 центнер пичан олиш мумкин.

Бир тонна қизилмия пичани 6-7 килограмм фосфор, 18-20 килограмм калий, 11-12 килограмм кальций, 1,5-1,7 килограмм магнийни ўзлаштиради. Ўзидан кейин экилган ўсимлик учун тупроқдаги фосфорни ўзлаштирилишини осонлаштиради. Қизилмия ўсимлигининг илдиз тизими кучли ривожланиши учун сув, шамол эрозиясига учрайдиган таркиби енгил, қумлоқ ерларга экиш тавсия қилинади. Сув ва шамол эрозиясини сезиларли даражада камайтиради.

Қизилмия илдизи ўқилдиз, кучли ривожланган, тупроқнинг 3-4 метр, айрим тупроқларда 5 метр қатламгача кириб боради. Вертикал кучли илдиз поя цилиндрсимон бўлиб, атрофига горизонтал илдиз шохчалари тарқалади. Илдизпоянинг йўғонлиги 15-20 мм. буришган, чўтир, ранги оқ-сариқ, қўнғир-сариқ бўлиши мумкин.

Барглари ток патсимон 3-5-7 жуфт баргчалардан иборат бўлиб, охири тоқ, битта барг билан тугайди. Баргларининг шакли ланцетсимон, элипссимон, чўзиқ, текис қиррали, ёпишқоқ безлар билан қопланган, қўл билан сиқилганда ёпишқоқлиги сезилади.

Илдизи таркибида 3,2-24 фоиз тритерпен сапонин-глицирризин бирикмаси, 4 фоиз флавоноидлар, 20 фоизгача қандлар, 34 фоизгача крахмал, аспарагин, эфир мойи, витамин С, 6 фоизгача пектин ва бошқа аччиқ моддалар учрайди. Илдиз флавоноидларидан ликвиритин, ликвиритозид, ликурозид, глаброзид ва бошқа бирикмалар ажратиб олинади.

Илдизидан тайёрланган қуюқ ва қуруқ экстрактлари ҳамда шарбат нафас йўллари касалланганда, балғам кўчирувчи, сурункали қабзиятда эса енгил сурги дори сифатида қўлланилади.

Халқ табобатида илдизи қадимдан турли касалликларни даволашда кенг қўлланилган. Абу Али ибн Сино ўсимликнинг илдизи билан буйрак, қовуқ ва меда яллиғ-ланиши ҳамда истима, ўпка касалликларини даволаган.

Қизилмия ўсимлиги Ўрта Осиёнинг ҳамма ҳудудларида, хусусан Тошкент, Фарғона водийси, Сурхон воҳасида беда экилган майдонларда, ғалла-донли экинлар орасида, суғориш иншоотлари бўйларида, ариқ, боғ ва узумзорларда ўсади.

Қизилмия ўсимлиги экиладиган майдонларга кузги шудгор олдидан гектарига 500-600 кг. физик ҳолда фосфорли ўғит солиш зарур. Сўнг 30-35 см. чуқурликда қўш ярусли омочлар билаи ағ-дариб ҳайдалса, бегона ўтларга барҳам берилади. Шудгор текисланади, четлари тартибга келтирилиб мола босилади, зарур жойларда енгил сув бостирилиб, 16-18 см. чуқурликда чизелланади. Уруғи нитрат билан дориланиб, беда уруғи каби экилади.

Уруғи пўстлоғига ёпишиб олгани учун пўстлоғи билан ёки ажратиб зкилаверади. Одатда қизил- миянинг икки хили экилади: асосан оддий экма тури кенг тарқалган. Унинг бўйи 80-90 см., 5-7 дона бўғин ҳосил қилади. 1000 дона уруғи 17-23 грамм, гули пушти бўлиб, қизғиш товланади. Қумда ўсадиган тури 80-100 см., гоҳо 125 сантиметрга боради, 1000 дона уруғи 11-15 грамм, совуққа чидамли. Агротехнология асосида парвариш қилинса барча кўрсаткичлари бедадан кам бўлмайди.


Манба: namnews.uz

Улашиш: