Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Эртаги картошка етиштиришга оид маълумотлар

22/Dekabr/2024 05:48
  1566

Картошка энг муҳим озиқ-овқат экинидир. У крахмал, углевод, оқсил, С витамини, минерал тузлар ва бошқа моддаларга бойлиги ажралиб туради. Халқ истеъмолида картошкадан йил давомида фойдаланилади. Мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитида картошкани эрта баҳорда экиб, халқимиз эҳтиёжини тўла қондириш имконияти бор.  

    Картошкани экиш муддатлари минтақларнинг иқлим шароитига қараб йиллик тажриба ва илмий тадқиқотлар асосида муқобил муддатлари :  

     -Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Фарғона водийсида 25 февраль – 10 март;  

    -Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятида 15 февраль – 1 март;  

    -Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 10–20 март ҳисобланади.  

   Экиш муддати 10 кунга кечикса, ҳосил 10–12 % камайишига олиб келади. Бунда пишиб етилиш даври қисқа бўлган картошканинг эртапишар навлардан: Сантэ, Невский, Розара, Латона, Агаве, Гранола, Зарафшон, Ред скарлет ва ўрта эртапишарлардан: Альвара, Аринда, Белуга, Виктория, Драга, Кондор, Карлена, Марфона, Фабула, Рамона навларини экиш тавсия этилади. Агар картошка навини аниқ билмасдан ўртапишар ёки ўрта кечки навлар экилса, оқ туганак илдизлари кеч пайдо бўлади ва кунлар исиб кетиб ғовлаб кетади.  

   Картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун ўрта ва йирик ҳажмли уруғлик туганакларни ундириб экиш керак. Уруғлик туганак вазни 35–70–130 г ҳажмли қилиб экилганда униб чиқиш 2–3 кун, экишдан гуллашгача бўлган давр 8–13 кун қисқариб, ҳосилдорлик 35–40 фоизгача ортишига эришилади. Эртаги картошкани экишга тайёрлашда асосий омиллардан бири туганакларни ундиришдир. Ундириб экилган туганаклар ундирилмаганга нисбатан 12–25 кун олдин униб чиқади ва ҳосилдорлик ортади.  

   Уруғликни ундиришга қўйиш олдидан 3 хилга (майда, ўртача, йирик) сараланиб ёруғ тушиб турадиган, ҳарорати 15–18 оС шароитли хоналарда пол ва сўкчакларга 2–3 қатламдан оширмай ёки 20–25 кг. ли яшикларга жойлаштирилиб, хона шамоллатиб турилиши лозим. Туганаклар ҳар 7–10 кунда айлантирилиб (пастки қатори юқорига) турилади. Бунда уна бошлаган ўсимталар бир хилда яшил тусга кириб калта ва бақувват бўлади. Агар уруғлик сожалкада экиладиган бўлса нишлари 0,5–1 см. дан ошмаслиги керак. Акс ҳолда экиш даврида синиб кетади. Агар қўлда экиладиган бўлса, нишларини 2–3 см. гача ўстириб экиш мақсадга мувофиқ.  

    Уруғликлар катта-кичиклигига қараб алоҳида экилади. Бунда ўсимликларни ердан униб чиқиши, ўсиб-ривожланиши ҳосил етилиши бир хил бўлиши таъминланади. Акс ҳолда майда ниҳоллар бир текис чиқмайди. Натижада олдин униб чиққан ниҳоллар кейин униб чиққанларини эзиб қўяди. Ундириш учун эртапишар нав¬лар 20–25, ўрта эртапишар навлар 30–45 кун экиш муддатидан олдин қўйилади. Ундан кўпроқ қолиб кетса ҳосилдорлик пасаяди. Ундирилган туганаклар экишга чиқарилиш даврида, яхши унмаган ёки ипсимон ўсимталилари четлатилиши лозим.  

  Уруғликни далага олиб чиқишда тахта яшикларда осойишта олиб чиқилади. Экиш чуқурлиги 7–9 ва экиш схемаси 70х25-30 ёки 90х25 см. ни ташкил этиши лозим. Эртаги картошкадан юқори ҳосил олиш учун 25–30 тонна маҳаллий гўнг, 200 кг азот, 170 кг фосфор, 100 кг калий ўғити соф ҳолда солинади. Бунда органик ўғитнинг ҳаммаси ва фосфорли, калийли ўғитларнинг 70 фоизи ҳайдовда бериш ва қолган фосфор ва калий ўғитларининг 30 фоизи ҳамда азотнинг 50 фоизи картошка униб чиққандан сўнг биринчи ишловда, қолган азотнинг 50 фоизи гуллашдан олдин берилади.  

   Ўсув даврида сизот сувлари чуқур жойлашган ерларда 7–8 марта суғорилади. Суғориш ҳар ҳафтада 1 марта, ҳосил туганаклари пайдо бўлиши билан 5–6 кунда гектарига 400–500 м3 ҳисобидан бериб турилади. Ҳар 2 суғориш оралиғида қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилади. Бу тадбир ўсимликлар шоналагунча ўтказиб турилади.  

   Эртаги муддатда картошкани асосан колорадо қўнғизидан ҳимоялаш зарур. Ушбу қўнғиз тупроқда қишлаб қолади ва ниҳоллар ердан униб чиқа бошлаган даврда пайдо бўлади. Иложи борича қўлда териб олиш, тухум қўйгандан кейин эса кимёвий препаратлар билан бартараф этиш зарур. Акс ҳолда ҳосилдорлик кескин пасайиб кетади.  

   А.Расулов 

Улашиш: