Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Насилли молларни тўлақонли озиқлантириш бўйича тавсиялар

22/Dekabr/2024 02:13
  1462

 Сут қорамолчилигининг самарадорлигини белгилайдиган омиллардан бири тўғри озиқлантириш технологиясига риоя қилишдир. Ҳозирги пайтда урчитиш учун режалаштирилган қорамол зотларининг ирсий салоҳияти яхши бўлиб, наслчилик тоифасиги эга хўжаликларда ҳар бош сигирдан йилига ўртача 5000–7000 кг сут соғиб олиш имконияти мавжуд. Бунинг учун аввало мустаҳкам озуқа базасини яратиш зарур. Чунки моллар маҳсулдорлиги 50–60 % ҳолатда уларни тўла қийматли озиқлантиришга боғлиқ. 

   Четдан олиб келинган молларда юртимизнинг иссиқ иқлим шароитига мослашувчанлигини ошириш ва маҳсулдорлиги бўйича ирсий имкониятларини тўлиқ юзага чиқаришда уларни тўла қийматли озиқлантириш ва мақбул асраш шароитларини яратиш жуда катта аҳамиятга эга. Чунки четдан келтирилган қорамоллар сифатли ва тўйимли озуқаларга талабчан бўлади. 

  Агар озуқа экинларининг ўрими жараёнида силос тайёрлаш технологияси бузилиб, силос сифати 1 классга тушиб кетса, сигирларнинг сут маҳсулдорлиги кунига 1,5 кг, бутун лактация давомида эса 548 кг. га камаяди. Силос сифатининг пастлиги кунлик озуқа рационида умумий тўйимлилигининг нархи юқори бўлган концентрат озуқаларнинг 60 фоизгача сарф бўлишига олиб келади. Паст сифатли озуқаларда 1 озуқа бирлигида протеин миқдори 60–70 г. дан ошмайди. Бу эса озуқа сарфини оширади, юқори маҳсулдорликни таъминламайди, маҳсулот таннархининг ошишига олиб келади ва охир оқибатда рентабеллик пасаяди. 

  Тадқиқотларда аниқланишича, сутбоп подаларда сигирларни йил давомида аралашма типда озиқлантиришни қўллаш ва жорий этиш, талаб даражасидаги сут маҳсулдорлиги билан бирга, соғлигини мустаҳкамлашда, ирсий имкониятларини тўлиқ юзага чиқаришда ва сут ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда алоҳида аҳамият касб этди ва иқтисодий жиҳатдан самарали эканлигини кўрсатди.

  Ҳар бир чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги хўжалик йилининг бошидан қорамолларнинг йиллик озуқага бўлган талабини ишлаб чиқиши ва шу асосда мустаҳкам озуқа базасини яратиши муҳим вазифалардан биридир. Ҳар бир шартли мол ҳисобига камида 50 центнердан озуқа жамғариши керак. Бунда озуқалар салмоғи жами озуқалар миқдорининг тўйимлилига нисбатан беда пичани – 6, силос – 21, сенаж – 8, илдиз мевалилар – 3, кўк ўт – 28, омухта емлар – 30, дағал хашак – 4 фоизга тўғри келиши мақсадга мувофиқ. 

Улашиш: