Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Аччиқ қалампир етиштириш бўйича тавсиялар

21/Dekabr/2024 22:02
  1451

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Марғилон–330, Пикантный, Учқун, Тилларанг, Мумтоз, Саид.

Кўчат танлаш. Экиладиган аччиқ қалампир кўчатлари 40–45 кунлик, 8–10 баргли, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.

Ер тайёрлаш. Аччиқ қалампир экиш режалаштирилган ерларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги ўсимликлар қолдиқларидан тозаланиб, маҳаллий ўғит сочиб чиқилади. Берилиши лозим бўлган маданий ўғитлар миқдорини бир қисми қўлда сочилгач, майдон 28–30 см чуқурликда юмшатилади. Экишга тайёрлашни кейинги тадбирлари экишдан олдин бажарилиб, майдонлар 14–16 см чуқурликда юмшатилади. Йирик кесаклар хаскаш ёрдамида майдаланиб, бир йўла ер текислаб олинади ва 70 см ёки 90 см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Аччиқ қалампир кўчатлари жанубий вилоятларда мартнинг III ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган вилоятларда апрелнинг II–III ўн кунлигида ва шимолий минтақаларда апрелнинг III ва майнинг I ўн кунлигида 70×20 см тизимида, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90×20 см тизимида экилади. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 555–714 та кўчат сарфланади.

Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилганидан 10–12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12–15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач, яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ помидор кўчатининг атрофига босилади. Аччиқ қалампир ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қўйилгани маъқул.

Ўғитлаш. Аччиқ қалампир етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор берилади.

Аччиқ қалампир сувга талабчан ўсимлик бўлиб, сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга 5–6 м3 ҳисобидан 14–16, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 10–12 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 10–14 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Аччиқ қалампир ҳаддан ортиқ суғорилганда ундаги аччиқлик хусусияти пасайиб кетиши мумкин.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Асосий зараркунандаларидан шира, каналар, оққанотга қарши 10 сотих майдонга Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) қўлланилади. Касалликлар – меваларни учидан чириши, бактериал қора доғ, сўлишга қарши Байлетон 25% н.кук. (100–200 г), Превикур 72,2% с.э.к. (150 мл), Курзат Р н.кук. (200–250 г), Рирдомил голд 68% с.д.г. (200–250 г) ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини 60–70 литр сувга тайёрланган аралашмасини қўллаш мумкин. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш зарур.

Ҳосилни йиғиштириш. Аччиқ қалампир жуда ўзига хос ўсимлик бўлиб, уни мевасини кўклигида ҳам қизарганида ҳам истеъмол қилиш мумкин. Аччиқ қалампир кўклигида йиғиб олинса, ҳосил миқдори нисбатан кўпроқ бўлади. Совуқ тушиши арафасида аччиқ қалампир пояси меваси билан биргаликда тупроқдан суғуриб олиниши, қуритилиши ва кейинчалик ишлатилиши мумкин.

    Р.Ҳакимов, Б.Азимов 

Улашиш: