Харид Қилиш Саватчаси

Жами

От боқишга ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?

22/Dekabr/2024 04:09
  1797

Азалдан олис сафарларда инсонга яқин ҳамроҳ ва дўст бўлган отнинг саломатлик учун ҳам фойдали томонлари кўплиги исботланган. Бундан ташқари, от миниш шунчаки ишқибозлик эмас, балки спортнинг бир тури ҳамдир. Маълумки, чавандозлик азал-азалдан халқимиз томонидан қадрият сифатида эъзозланиб келинади.

Кўнгли тоза одам от билан тиллашади

“От йигитнинг қаноти” деган гап бор.Кўнгли тоза одамгина от билан тиллаша олади. Негаки, от табиатан жуда ақлли жонивор. Яхши-ёмонни тез ажратади. Ёмон ниятли одамни ўзига умуман яқинлаштирмайди. От миниш соғлиқ учун ҳам кони фойда. Бундай кишилар умуман касал бўлмайди. Буни улоқ чопган одамгина билади. Ҳар куни тонг саҳар ва кечки салқинда сайр қилинса, кишининг асаби сақланиб, фикри тиниқлашади. Кун бўйи ишида унум бўлади. Қолаверса, оти бор хонадонда барака бўлади. Чунки у ҳар куни эгасига Яратгандан ризқ сўраркан.

Қази, қарта, қимиз

Йилқичилик турли маҳсулотлар (гўшт, қимиз, тери ва бошқалар) билан ҳам аҳамиятга эга. От гўшти ўзининг тўйимлилиги, калорияси ва қиймати жиҳатидан кўплаб халқларнинг энг севимли маҳсулоти ҳисобланади. Ғарбий Европа мамлакатларида от гўштига бўлган талаб юқорилиги сабабли у парранда ва чўчқа гўштига қараганда икки баравар юқори нархда баҳоланади. Той гўшти майин, серсув, ҳидсиз ва калорияси анча юқори бўлиши хусусияти билан фарқ қилади. Отларнинг ёши ошган сари гўшт ҳам чайирлашиб, дағаллашиб боради, сифати эса пасаяди. Териси тана оғирлигининг 5-6,5%ни ташкил қилади. Яхши боқилган отлар суткасига 0,6 дан 1 кг гача (баъзан ўртача 1300 г) семиради.

Бияларни соғиб, шифобахш қимиз қилиш ҳам қадим замондан маълум. Ҳозирги кунда йил давомида қимиз билан таъминлаш мақсадида қуритилган сут кукунлари  ҳам тайёрланмоқда. Қимиз энг фойдали ичимликлардан ҳисобланади. У бир қатор касалликлар (туберкулёз, ичак, ошқозон ва бошқалар)ни даволайди. Бияларнинг энг кўп сут бериш даври 7 - 12 ёши бўлиб, қимизнинг яхши бўлиши яйлов шароити, тайёрлаш технологияси ва озуқанинг тўйимлилигига боғлиқдир. Яхши сут берадиган бия кунига 10 - 24 литргача, йил давомида 1000 литргача сут бериб, шунинг 50 - 70% ини қулунлар эмади.

От зотлари

Отлар биологик хусусиятларига кўра серҳаракат, бошқа ҳайвонларга нисбатан касалликларга чидамли, ташқи муҳитга тез мосланувчан бўлади. Одатда айғир ва биялардан ўрта ҳисобда 20 йил мобайнида фойдаланилади. Айрим ҳолларда уларнинг юқори сифатли, ҳаётчан вакилларидан 25-30 йил ва ундан кўпроқ фойдаланиш мумкинлиги аниқланган. Лекин биялардан 6-15 ёшлигида энг сифатли қулун олинади.

Одимлаб юрганда отнинг тўртала оёғи галма-гал кўтарилиб, галма-гал тушади. Бу усулда отлар секин (соатига 4-5 км тезликда) ҳаракат қилади. Бундай ҳаракат асосан оғир юк отларида учрайди.

Йўртиб юрганда отлар диагонал бўйича икки оёғини, масалан, олдинги ўнг оёғи билан кейинги чап оёғини, сўнгра олдинги чап оёғи билан кейинги ўнг оёғини баравар кўтариб, ерга ташлайди. Бундай ҳаракат қиладиган отлар соатига 10-12 км йўл босади. Отчопарда енгил пойга аравасига қўшилган чопқир йўртоқи отлар 1 км масофани 1-1,5 минутда босиб ўтади.

Салт миниладиган от зотлари. Бу зотга асосан эгарлаб миниладиган отлар киради. Бу йўналишдаги отлар серҳаракат, чопқир, қотма, боши енгил, суяклари ингичка ва ихчам бўлади. Дунё бўйича салт миниладиган отларнинг араби ва тоза қонли зотлари мавжуд.

Араби зоти энг қадимги чопқир отлардан ҳисобланади. Араби зот от унчалик йирик эмас, баландлиги 150 см атрофида, туси кулранг, жийрон ва қора аралаш бўлади. Қурғоқчилик ва ташқи муҳитга чидамли. Бу зот дунё бўйича кенг тарқалган.

Асл чопқир от зоти XVIII асрнинг Англияда яратилган бу зот маҳаллий бияларни араби, туркман, турк, испан ва неаполитан айғирлари билан чатиштириш натижасида вужудга келган. Вакиллари ҳаракатчан, ва чопқир. Баландлиги 158-161 см.

Ахалтака зоти Туркманистоннинг жанубида яратилган бу зот чопқир, қумли саҳроларда салт миниб юриш учун қулай. Баландлиги 152-154 см. Муҳитга анча чидамли.

Қорабийлар зоти Ўрта Осиё республикаларида боқиладиган зот отларидан кўп жиҳатдан устун туради. Чопқирлиги, чидамлилиги, чиройлилиги ва араваларга қўшган вақтда яхши ишлаши билан ҳам ажралиб туради. Баландлиги 152-154 см.

Кабардин зоти Шимолий Кавказда яратилган бу зотнинг яратилишида қорабах, туркман ва араби зот айғирлар маҳаллий биялар билан чатиштирилган. Кабардин зот чопқир от бўлиши билан бирга транспорт ишларида ҳам фойдаланилади. Тоғ шароитига яхши мослашган. Кунига 66 км йўлни босиб ўтиши аниқланган. Буйи 153 см.

Лоқай зоти тоғ шароитига яхши мослашган, жанубий Тожикистоннинг Яз-яван водийсида қадимги ўзбек қабиласи - лоқайлар томонидан яратилган. Гавдаси кичикроқ. Бўйи 140-142 см.

Чопқир от зотлари. Бу йўналишдаги отлар чопқирлиги ва йўрғалаб тез юриши билан бошқа зотлардан фарқ қилади.

Отнинг семизлиги нимага боғлиқ?

От парваришлашнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Наслчилик хўжалигида отхона 40 бошга мўлжаллаб қурилса, унда биялар, айғир ва ахталанган айғирлар сақланади. Онасидан ажратилган тойларнинг 80 бошига алоҳида бино қурилади. Насллик отлар учун қурилган отхоналарда денник, манеж (қочириш жойи), емхона, асбоб-анжомлар, эгар-жабдуқлар, навбатчилар, дағал озуқа ва тўшамалар, сунъий қочириш хонаси ва бошқалар бўлади. Ишчи отлар учун қурилган отхоналарда юқоридагилардан ташқари стойла, эгар-жабдуқларни таъмирлаш ва тақалаш устахонаси бўлиши керак. Қимиз ишлаб чиқаришга мўлжалланган товар хўжалигида  эса соғиш хонаси бўлади. Ёш насллик тойларни сақлаш биноларида денник, манеж (эгарлаш), ўргатиш ва чиниқтириш майдони, душ хоналари, денник ва гуруҳда сақлаш учун алоҳида бўлимлар (секция) бўлади.

Отнинг семизлиги, ёши ва вазнига, уни ишга тайёрлаш ва машғулотлар ўтказишга, унга  мос эгар-жабдуқларни танлашга, вақтида озиқлантириш, суғориш ва дам беришга, иқлим шароити, ер тузилиши, йўлнинг аҳволига, физиологик ҳолати  ва бошқаларга боғлиқ.

От спорти

Дунё бўйича ўтказиладиган олимпиадаларда ҳам от спортига алоҳида эътибор берилади. Республикамиз дунёнинг юздан зиёд давлатларидаги от спорти федерацияларини бирлаштирган Халқаро от спорти федерациясига 1993 йилнинг август ойида Бразилияда қабул қилинган.

Кўпкари – мардлар ўйини

Кўпкари – шижоатли ва ориятли ўзбек йигитларининг мардлик рамзидир. Кўпкари аввалида баковулбоши совринни эълон қилгач, улоқ олиб келиниб, отларга ҳидлатилади. Улоқнинг ҳавоси бор, дейишади, отларга шу ҳаво мадад бериб, бундай вақтларда улар фақат олға интилади. Улоқни чавандозлар орасидан олиб чиқиб кетиш эса ҳаммага ҳам насиб этавермайди. От устидан эгилиб, улоқни шахд билан бир уринишда кўтариш, бошқаларга бермай отга ўнгариш, тақимига босган ҳолда даврадан ажратиб олиш учун чавандоздан кўп йиллик тажриба ва иқтидор талаб этилади. Ўйин сўнггида баковулбоши раҳбарлигидаги ҳакамлар томонидан ғолиб бўлган чавандозларга совринлар улашилади.

Отни кўпкари тоблайди, пишитади. Битта улоқдаёқ отнинг зўри, эгасига вафодорлиги билинади. Аммо чавандоз ҳам эпчил, серғайрат ва ҳалол одам бўлиши керак. Аксинча бахил ва ғирром одамлар минган энг чопқир ва наслли от ҳам улоқ айиришда оқсайди.

Спортчи отлар 2 ёшидан алоҳида парваришга ташланади. 4 ёшга етганда улар айни кучга тўлади ва бемалол катта отлар билан ҳам беллаша олади. Улоқчи отлар эса 4 ёшидан боқилади. Уюрдан саралаб олинган отнинг кўкраги кенг, боши кичик, думи йўғон ва бўйни узун бўлиши керак. Ана шунда хатога йўл қўйилмаса бўлди. Қолгани парваришга, тайёргарликка ва чавандозга боғлиқ.

С. САФАРОВ


Улашиш: