Харид Қилиш Саватчаси

Жами

“Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади

22/Dekabr/2024 01:58
  1569

Жорий йилнинг 6 апрель куни Ўзбекистон Президентининг “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмасининг Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлигига суд қарори билан берилган мол-мулк ва ер участкалари, шу жумладан, сув ҳавзалари негизида “Балиқ ишлаб чиқарувчи” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди. 

Қуйидагилар “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

– ишлаб чиқариш, сунъий сув ҳавзаларини балиқлантиришни янада ривожлантириш ва балиқчилик хўжаликларини таъминлаш учун балиқнинг янги ва синалган турларини иқлимлаштириш орқали наслли балиқ чавоқларини яратиш; 

– наслдор балиқ личинкалари етиштирувчи замонавий инкубацион цех фаолиятини ташкил этиш, балиқ чавоқларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, мавжуд балиқ чавоқларини етиштирувчи сув ҳавзаларини модернизация қилиш ва қайта таъмирлаш; 

– ўз эҳтиёжи ва балиқчилик хўжаликлари учун тўла қийматли ва юқори оқсилли озуқаларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларни яратиш орқали озуқа базасини мустаҳкамлаш, дон ва дон экинларини экиш йўли билан буғдой ва сояга бўлган ўз эҳтиёжларини қондириш; 

– инновацион ва замонавий интенсив технологияларни кенг жорий қилиш, шу жумладан, қафас (садок) усулида, ёпиқ сув айланма тизими қурилмаларида балиқ етиштириш ҳамда сунъий сув ҳавзалари ҳосилдорлигини ошириш ҳисобига балиқ овлаш ҳажмларини кўпайтириш; 

– биринчи навбатда, аҳоли эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, кейинчалик қўшни мамлакатларга экспорт қилиш учун балиқларни қайта ишлаш ва балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш (консерва, икра, балиқ уни ва бошқалар) бўйича замонавий комплексларни ташкил этиш; 

– сувнинг гидрокимёвий таркибини лаборатория усулида таҳлил қилиш, балиқларни касалликлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, балиқ касалликларини аниқлаш, уларни даволаш чораларини кўриш; 

– балиқ етиштириш, овлаш ва қайта ишлаш жараёнида инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини, шунингдек, мутахассислик йўналиши бўйича таҳсил олувчи таълим муассасалари талабалари учун балиқчилик тармоғида амалиёт ўташни ташкил этиш. 

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳокимлиги ва “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ таркибидаги ер участкаларининг чегараларини аниқ белгилайди. 

“Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилни ташкил қилади. 

Фаолият кўрсатиш муддати мобайнида “Балиқ ишлаб чиқарувчи” ЭИЗ ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта режимлари амал қилади. 


Улашиш: