Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Маккажўхорини ўғитлаш

20/Dekabr/2024 19:59
  1566

Маккажўхори дон ва кўк поя учун экилади. Унга кузги дон экинлар, дуккакли-дон экинлар ва унинг ўзи яхши ўтмишдош ҳисобланади.

Суғориладиган майдонларда беда ёки бошқа кўп йиллик ўтлардан кейин экилган маккажўхори юқори ҳосил беради.

Маккажўхори тупроқнинг озиқ режимига ўта талабчан бўлиб, ғовак ва механикавий таркиби оғир бўлмаган тупроқларни хуш кўради. Тупроқ муҳити мўътадил ёки мўътадилга яқин бўлганда, яхши ўсиб-ривожланади. Илдиз тизимининг асосий қисми (таҳминан 60% и) тупроқнинг ҳайдалма қатламида тарқалади. Озиқ моддаларни бутун ўсув даври мобайнида (дони думбул бўлгунча) талаб қилади. Айниқса, султон чиқаргандан то гуллашгача бўлган қисқа давр орасида озиқ моддаларни тез ва кўп ўзлаштиради (1-жадвал).

1-жадвал. Маккажўхорининг қуруқ модда ва озиқ моддалар тўплаш динамикаси, максималга нисбатан %

(В. А. Демин, 1989)

Ривожланиш даври

Қуруқ модда

Азот

Фосфор

Калий

4—5 чин барг

0,1

0,3

0,2

0,2

9—10 чин барг

1

4

3

4

Рўвакланиш

24

44

33

69

Гуллаш

35

61

61

79

Сут пишиш

80

89

88

95

Думбул (мум) пишиш

100

100

94

100

Тўла пишиш

94

93

100

82

Сут пишиш даврига келиб 90% озиқ модда ва 80% қуруқ модда тўпланади. Озиқ моддаларнинг энг кўп жамғарилиши мум пишиш даврига тўғри келади. Маккажўхори 10 ц дон ва шунга мувофиқ келадиган оралиқ маҳсулотлар билан тупроқдан 34 кг азот, 12 кг фосфор ва 37 кг калийни, 10 ц кўк поя билан эса 25 кг азот, 12 кг фосфор ва 45 кг калийни олиб чиқиб кетади.

Маккажўхори маҳаллий ўғитларга жуда талабчан. Шу сабабдан уни ферма олди алмашлаб экиш экинлари қаторига киритиш яхши самара беради. Суғориладиган деҳқончилик шароитларида намлик меъёрида бўлса, азотли ўғитларнинг асосий қисми тупроқларни экишга ҳозирлаш пайтида берилади. Фосфорли ва калийли ўғитлар эса кузги шудгор остига киритилади. Тупроқда калий етишмаган ҳолларда маккажўхори ётиб қолади.

Маккажўхори ниҳоллари тупроқ эритмасининг концентрациясига ўта сезгир бўлганлиги сабабли экиш билан гектарига 5—10 кг Р2О5 уруғдан 3—5 см узоқлик ва 2—3 см пастга киритилади.

Намлиги яхши бўлган суғориладиган ерларда маккажўхорини қўшимча озиқлантириш муҳим ўрин тутади. Ўсув даврида маккажўхори ниҳоллари гектарига 20—30 кг Р2О5 билан 1—2 марта озиқлантирилади. Ниҳолларга тўла меъёрдаги ўғитларни экин қатор ораларини биринчи бор ишлаш даврида бериш ғоят самарали тадбирдир. Озиқлантириш учун гўнг шалтоғи (3—5 т/га) ёки парранда ахлати (3—5 ц/га) дан ҳам фойдаланиш мумкин. Маккажўхори рўвак чиқаришига яқин фосфорли-калийли ўғитлар билан икки марта озиқлантирилади. Ниҳоллар суст ривожланаётган пайкалларга иккинчи озиқлантиришда ўғитлар тўла таркибда (NPK) берилади.

Манба:

Б. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент: Шарқ.

Улашиш: