Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Март ойида бошоқли дон экинларини парваришлаш ишлари

20/Dekabr/2024 22:03
  2032

Кеч экилган ғалла майдонларида туплаш фазаси об-ҳаво ва ҳароратига қараб март ойининг иккинчи ўн кунлигида ҳам давом этади. Ушбу майдонларда суспензия сепиш ишларини амалга ошириш яхши самара беради.

Март ойининг энг муҳим тадбирларидан бири бу – ғалла майдонларида 2-озиқлантиришни амалга ошириш ҳисобланади.

Буғдой найчалаш фазасида ўсимликни эрта баҳорги ҳолатига нисбатан фарқи шундан иборатки, бу фазада ўсимликнинг вегетатив органлари, энг асосийси поялар сони кўпайган бўлади. Шу сабабли майса найчалаш фазасида азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 40 фоизи, яъни физик ҳолда 300–320 кг/га миқдорда берилади.

Найчалаш фазасида ниҳолларни намлик ва озуқа моддалар билан таъминланиши муҳим ўрин тутади. Чунки бу фазада ўсимликларда най ичида бошоқ шаклланади. Найчалаш фазасининг давомийлиги 25–30 кунни ташкил этади. Шу қисқа даврда буғдой ўсимлиги бутун ўсув даврида тўплайдиган қуруқ модданинг 50–60 фоизини тўплайди. Найчалаш фазасида намлик ва озуқа моддалар етишмаслиги ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.

Эрта баҳорда майсалар ривожи суст бўлган майдонларга минерал ўғитлар суспензияси сепилиши, ўсимликларнинг ривожланиш жараёнини жадаллаштиради.

Эритма тайёрлашда физик ҳолда 25 кг карбомид 300 литр сувда эритилади ва махсус пуркагич механизмлар ёрдамида ғалла майдонларига сепилади.

Шунда ғалла илдиздан ташқари баргдан озиқлантирилганлиги сабабли ўсимлик барг сатҳини қалинлашиши, ўсимликларни касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигини ошириш билан бирга фотосинтез жараёни яхшиланади. Натижада ўсимликни ўсиб-ривожланиши тезлашади.

Суспензия сепишда, буғдой майсалари ер устки қисмини тўла қоплаганлигига алоҳида эътибор бериш зарур. Чунки сепилган суспензиянинг асосий қисми ер устки қатламига тушади, бундан ўсимлик фойдалана олмайди, оқибатда суспензиянинг самарадорлиги пасаяди.

Озиқлантирилган майдонлар ҳар бир минтақани тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда 600–650 м3 ҳисобида суғорилади. Суғориш жараёнида қўшимча озиқлантириш мақсадида, маҳаллий ўғитларни шарбат усулида оқизиш мақсадга мувофиқ.

Бегона ўтдан кучли зарарланадиган 2-йил ғалла экилган майдонлар март ойининг 3-декадасидан бошлаб, тавсия этилган гербицидлар ёрдамида дастлабки ишлов бериш бошланади. Шунингдек, зарарли хасва тарқаладиган ва занг касаллигининг ўчоқлари қўл аппаратлари ёрдамида профилактик ишловдан ўтказилиши зарарли хасва ва занг касаллигининг кенг тарқалиши, олдини олади.

Ғалла майдонларини озиқлантириш ва суғориш ишлари амалга оширилгандан кейин, ғалла ниҳоллари билан бирга 1–2 йиллик бегона ўтлар (жағ-жағ, эшакшўра, олабута, қўйпечак, итузум, мингдевона, семизўт, қўйтикан, ёввойи сули, райграс, тулкидум ва бошқалар) ривожланади. Бундай бегона ўтларга қарши уларни тури ва сонига қараб гектарига 25 фоизли “ЭнТопик” (0.3–0.4 л), “Атлантис Стар” (0.2–0.3 л), “Тердок” 8 фоизли (0.3–0.4 л), 75 фоизли “Гранстар” (15–20 г), “Биостар” (10–20 г), “Далстар” (10–20 г), “Пик” (15–20 г), “Тайфун” (15–20 г), “Энтосупер” (0.6–0.8 л), 8 фоизли “Далзлак” (0.3 л), 5 фоизли “Хуссар” (0.05–0.1 г) гербицидлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Республикамиз шароитида сариқ ва қўнғир занг касалликлари ғалла ҳосилига жиддий зарар етказиши натижасида дон ҳосили 40–45 фоизи йўқотилмоқда. Бунинг олдини олиш ва қарши кураш чоралари: кузги буғдойда учрайдиган замбуруғли касалликларга қарши чидамли навларни экиш, экиш меъёрлари ва муддатларини тўғри белгилаш; замбуруғли касалликлар кучли тарқалиш хавфи сезилганда кимёвий препаратлардан гектарига 22.5 фоизли “Дуплект ТТ” (0.3–0.5 л), “Этоликур” (0.3–0.5 л), “Уредоцин” (0.3–0.5 л), “Консул” (0.75 л), “Торсо” эм.к. (0.3–0.5 л), “Рекс ДУО” (0.4–0.6 л), 6 фоизли “Титул ДУО” (200–300 л), 33 фоизли “Альтосупер” (0.3 л), 35 фоизли “Химпакт” (0.2–0.4 л) препаратларини 200–300 литр сувга аралаштириб ишлов бериш яхши самара беради. Шунингдек, илгари йўл қўйилган камчиликлар қайтарилмаслиги учун ўсимликларга сепиш қўшимча 20–25 фоиз миқдорда гербицид ва фунгицидлар захирасини яратиш лозим. Ғалла парваришида ғаллакор ва мутахассислар ҳамкорлиги ниҳоятда муҳимдир. Бу ўз навбатда ҳар бир майдоннинг доимий назоратини ташкил этиш, ғалла майсалари ҳолатини ўрганиб, амалий ёрдам берувчи гуруҳлар тузиш зарур.

Мазкур чора-тадбирлар ҳар бир минтақанинг тупроқ-иқлим шароити ва майсанинг ривожланиш фазаларига қараб 5–10 кун олдин ёки кейин амалга оширилиши мумкин.

Бошоқли дон етиштиришда агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ўта муҳим аҳамиятга эга. Агротехник тадбирларнинг кечикиб, устига-устак сифатсиз бажарилиши, харажатларнинг мутлақо самарасиз бўлишига олиб келади.

Юқоридагиларни инобатга олиб агротехник чора-тадбирларни белгиланган муддатларда сифатли амалга оширилиши мўл ҳосил гарови бўлиб хизмат қилади.

Р. Сиддиқов, И. Эгамов

Улашиш: