Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Ҳандакларда лимонни парваришлаш технологияси

21/Dekabr/2024 16:40
  2773

Биологияси. Лимон ўсимлиги мевалари -2-2,5°С совуқда, -3-4°С да барглари ва бир йиллик новдалари зарарланади. Ҳароратнинг -5-6°С гача пасайиши асосий шохларнинг ҳалок бўлишига олиб келади. Лимон ўсимлиги ҳаво ҳарорати +12°С ва тупроқ ҳарорати +5°С бўлганда ўсишни бошлайди.

Лимон ўсимлиги феврал ва март ойининг бошидан ўса бошлайди. Мартнинг охири апрелнинг биринчи ярмида ҳавонинг ўртача ҳарорати +20+22°С бўлганда ёппасига гуллайди.

Мева тугиши ва уларнинг ривожланиши учун ҳаво ҳарорати +20+25°С ва нисбий намлиги 70-80% бўлиши зарур. Бундай шароитда лимон ўсимлиги яхши гуллаб мўл ҳосили тугади.

Лимоннинг бир ёшлик кўчатлари учинчи йилдан, тўлиқ ҳосилга кирганда хандакларда ўстирилган битта дарахтдан ўртача 200-250 тагача лимон меваси олинса, иссиқхонада анча кучли ривожланган дарахтдан 400-500 тагача лимон меваси олиш мумкин.

Демак, бир сотиҳда 3×3 м схемада экилганда ўртача ўн дона кўчат бўлса, бир сотиҳдаги ҳосилдорлик ҳандакда 250-300 кг ни ташкил қилади. Лимон кўчатлари экилган йилдан бошлаб тўрт йилгача қатор орасига сабзавот ва кўкат экинлари экиш мумкин.

Тупроққа ишлов бериш. Ҳандакларда кўчат экишдан олдин тупроғи яхшилаб текисланади ва бир сотих майдонга 600-800 кг чириган гўнг, 60 кг суперфосфат ҳамда 15 кг калийли ўғитлар солиш билан 25-30 см чуқурликда ишлов берилади.

Кўчат экиш схемаси ва муддати. Лимон кўчатларини 5 м хандакларга икки қаторда жойлаштириб, девордан 1 м, қатор ораси 3 м, туплар ораси 3 м экиш схемасида экилади.

Лимон кўчатларини экиш учун ажратилган майдонлар 60 см ли чуқурлар қазилиб, кўчатларни ўтказиш пайтида ҳар бир чуқурчага 10-15 кг чириган гўнг, 100-150 г суперфосфат ва 50 г калийли ўғитларни тупроқ билан яхшилаб аралаштириб солинади.

Лимон ўсимлигининг илдиз системаси яхши ўсган бир ёшли ва икки ёшли кўчатлар баҳорда (март) ёки кузда (октябрь) экилади.

Экиладиган лимон кўчатларига қўйиладиган талаб. Бир ёшли лимон кўчатларда 3-4 та биринчи тартиб пишган новдалар ва танасининг йўғонлиги 0,7-0,8 см, икки ёшли кўчатларда эса иккинчи тартибдаги новдалар, танасининг йўғонлиги эса камида 1 см бўлиши керак.

Суғориш. Лимоннинг қулай ўсиши ва яхши мева бериши учун тупроқнинг мақбул намлиги тўла намлилик сиғимидан 70-80% ни ташкил этиши керак. Мавсумда 25 маротабагача суғоришлар ўтказилиб, уларнинг миқдори об-ҳаво шароити ва ўсимлик ҳолатига қараб белгиланиб, декабр, январ, февралда – 1 маротабадан, мартда – 2 маротаба, апрел ва майда – 3 маротабадан, июнда – 4 маротаба, июл ва августда – 4-5 маротабадан, сентябрда – 3 маротаба, октябрда – 2 маротаба, ноябрда – 1-2 маротаба, шу жумладан 5-6 маротаба гўнгли шарбат билан суғорилади.

Ўғитлаш. Кўчат ўтказилгач, иккинчи йилдан бошлаб ҳар йили қиш олдидан ишлов беришда гўнг ва суперфосфат солинади. Бир, икки, уч ёшли ўсимлик тагига 10 кг гўнг, 20 г дан азот ва фосфор ҳамда 10г калий ўғити солинади, ҳосилли лимон туплар тагига эса 20-25 кг гўнг ва 80-100 г фосфор (туплар нинг ёши катталашган сари солинадиган ўғитлар миқдори кўпайтирилади), 80-120 г азотли ва 40-60 г калийли ўғитлар солинади. Бунда минерал ўғитлар икки муддатда 50% февралда, қолган 50% май охири июнь бошларида солинади.

Шох-шаббаларини кесиш ва шакл бериш. Ўсиб кетган ва шаклланган новдаларни дарахт ёшига муносиб равишда сийраклаш, чилпиш ва буташ йўли билан мунтазам парваришлаш жуда зарур. Бунда тупнинг ўсиши ва мева бериши яхшиланади.

Кўчатлар доимий жойга ўтказилгандан сўнг икки йил ўтгач, тўла шаклланади. Тепа қисмида 4-чи ва 5-чи тартибдаги шохлар юзага келиб, дарахт мева беришга киришади.

obre12zki-limo80na-fo421035648-97841334.jpg (38 KB)

1-расм. Лимонни буташ тартиби

Ёзда чанг қоплаган баргларини вақти-вақти билан эрталаб ювиб туриш лозим, бу тадбир баргларда пластик моддалар запаси тўпланишини ва фотосинтезининг меъёрида ўтишини таъминлайди.

Зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш. Лимон дарахти кўпинча юмшоқ сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар билан зарарланади. Ушбу зараркунандаларга қарши омайт (10 л сувга 3-4 г), данадин (10 л сувга 10 г), нигуол, алтикор (10 л сувга 1,5 г) препаратларини ўсимликнинг ҳамма қисмини, айниқса баргларини пастки тарафидан пуркалади.

Ўсимлик ғунчалаган ва гуллаган даврида пуркаш мумкин эмас. Ишлов эрталаб ва кечқурун ўтказилади.

Қора куясимон замбуруғларга қарши 1% ли бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5% мис, хлор оксиди эритмаси пуркаланади.

Ўсимлик танаси гоммоз елим оқиш билан касалланганида, касалликнинг илк босқичида шикастланган пўстлоқ қисми ва ёғочи соғлом қатламгача кесиб ташланади. Бундан сўнг тозаланган жой 3% ли мис купороси билан дизенфекция қилинади ва боғ катрони билан қопланади. Катрон тайёрлаш учун канифоль ва асал ари мумига (2:1) оз миқдорда мол ёғи қўшиб эритилади.

handak-1201568-7896661-12.jpg (22 KB)

2-расм. Чуқур хандакнинг кўриниши

 

handak1-54120003569-8521436751.jpg (21 KB)

3-расм. Ярим хандакнинг кўриниши

 

Манба: iim.uz

Улашиш: