Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Агроном-мутахассисларимиз Жанубий Кореяда малака оширади

21/Dekabr/2024 18:29
  1252

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Навоий бўлими ва Жанубий Кореянинг “JongWoo Green Со., LTD” компанияси таъсисчилигида МЧЖ шаклидаги “Jongwoo Green — Navoiy Science” қўшма корхонаси фаолият бошлади. Бу ҳақда "Халқ сўзи" газетаси хабар берди.

Ушбу муассаса Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхоналарда ишлаётган мутахассисларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириб боришни мақсад қилган. Шунингдек, корхона уч гектарлик янги “ойнаванд дала”ни қуришдан бошлаб тайёр ҳолга келтиришгача бўлган жараённи ўз ичига олган тажриба-амалиётни биргаликда олиб боради. Ушбу замонавий ўқув-тажриба маркази Ўзбекистон Фанлар академияси Навоий бўлими негизида очилди.

“JongWoo Green Со., LTD” компанияси Сеул университетининг агрофакультети олимлари иштирокида ­Навоий шаҳрида ҳамда иссиқхоналар кўп бўлган туманларда сайёр ўқув жараёнларини ташкил этади. Бинобарин, ҳар йили 10 нафар ўзбекистонлик иқтидорли агроном-мутахассис аниқланиб, қўшма корхона ҳисобидан Жанубий Кореяда бепул 3 — 6 ойлик дастурлар асосида малака оширади. Бундан ­ташқари, синовлардан муваффақиятли ўтган тингловчилар Сеул университетининг икки йиллик курсларида ўқитилиши кўзда тутилмоқда.

“Jongwoo Green — Navoiy Science” қўшма корхонасининг Низом жамғармаси 800 минг АҚШ долларига тенг. Фанлар академияси ­Навоий бўлими 25 фоиз улушга эга. У илмий-техникавий ва интеллектуал салоҳияти ҳамда қўшма корхона тўлақонли фаолият кўр­сатиши учун зарур бўлган ўқув хоналарини ажратиш билан иштирок этади.

Манба: www.xs.uz

Улашиш: