Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Тоғли минтақаларда хандон пистани парваришлаш ишлари

21/Dekabr/2024 22:02
  1243

Хандон пистага парвариш ишлари қуйидагилардан иборатдир: тупроққа ишлов бериш, ўсимликларни озиқлантириш, уларга парвариш ишларини амалга ошириш.

Тупроққа ишлов бериш асосан ундаги намликни максимал миқдорда сақлаб қолишдан иборатдир. Бунинг учун тупроқ кузда 27-30 см чуқурликкача ҳайдалади, майдончалар эса баҳорда 10-15 см юмшатилади (апрел, май ойларида). Бир вақтнинг ўзида ўсимликлар танаси атрофидаги тупроққа ҳам ишлов берилади, бунда бегона ўсимликлар йўқ қилинади.

Ўсимликлар ривожланишини яхшилаш мақсадида улар азотли, фосфорли ва органик ўғитлар билан озиқлантирилади. Бу ишлар уруғлар экилгандан кейин иккинчи йили бошланади ва ҳар уч йилда қайтарилади.

Ўғитларни оптимал миқдори қуйидагичадир: 5 ёшгача бўлган экинларга азот ва фосфор 200 кг, калий 50 кг (таъсир қилувчи моддаси бўйича). Мева бериш палласига кирган экинларга: азот 250 кг, фосфор 300 кг гача, калий 75 кг гача (бир гектар майдонга; таъсир қилувчи модда ҳисобида) берилади.

8-10 ёшли экинларда минерал ўғитлар қатордаги ўсимликлар орасига, ундан катта ёшдаги экинларда қатор оралиғини бутун эни бўйича, терассанинг юз қисми ва майдончаларга бир текисда солинади. Ўғитларни кузда тупроқни юмшатишдан олдин берилиши мақсадга мувофиқдир.

3-5 ёшдаги ўсимликларда парвариш ишларини олиб бориш мақсадида танасидаги ён шохчалар кесиб ташланади.

Ихота ролини бажарувчи экинларда штамблар шаклланади ва ён шохлари кесиб ташланади. (0,5-0,7 м баландликкача), 4-5 асосий новдалар қолдирилади, яъни хандон пистага яхши ёруғлик шароити яратилиши лозим.

Юқорида кўрсатилган қойдаларга риоя қилинганда, экинзорлар яхши ўсади, ривожланади ва Ўзбекистоннинг тоғли минтақаларида ўрмонлар мелиоратив вазифани бажаради.

Манба:

Чернова Г.М. (2010) Ўзбекистонда эрозияга қарши ва сув хавзаларини мухофаза қилишда хандон писта (Рistachio vera l.) экинзорларини барпо қилиш бўйича тавсиянома. Тошкент.

Улашиш: