Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Гилос, олча ва шафтоли дарахтларига шакл бериш

22/Dekabr/2024 04:50
  1442

Ўсув жуда ҳам камайиб кетганда дарахтлар янада кўпроқ буталади.

Гилос кучли ўсиши ва кам шохланиши билан бошқа мевали дарахтлардан фарқ қилади. Гилос навларида кучли ўсган шохларнинг пастки қисмида куртаклар кам ривожланади. Куртаклар уйғониши ва асосий шохларда ёш шохчаларни ўсиб чиқишини кучайтириш мақсадида, асосий шохлар қисқартирилади. Бундай буташ усули дарахтлар ёшлигида ва ҳосилга кира бошлаганда шох-шаббага шакл бериш учун қўлланилади. Ёш дарахтлардаги 40–45 см ли новдаларини чилпиш ҳам яхши натижа беради ёки узун новдаларни эгиб, ярус ҳосил қилинса, ундан куртаклар чиқа бошлайди.

Шохларни қисқартириш ва чилпиш шох-шаббани ихчам қилади, шохларда ўсув новдаларини кўпайиши ва даста шохларнинг ўсишига ёрдам беради. Яхши шохланадиган навларда узунлиги 50–60 см дан ошган новдалар қисқартирилади. Шох-шаббани шакллантиришда дарахтларнинг бўйига ва ён томонга ўсиши чекланиб турилади. Агар гилос новдалари суст ўсса, шохлар икки-уч йиллик шохигача қисқартирилади. Дарахт қарий бошлаганда шох-шаббасини кўпроқ буташ йўли билан ёшартирилади.

Олча дарахтлари кам буталади. Фақат жуда зарур бўлганда қалинлашиб кетган шох-шаббалар, синган, қуриган ва қарий бошлаган шохлари олиб ташланади. Олча қариб, ўсиши сусайган (10 см гача) ёки ҳосили камайиб кетган даврда дарахт ҳолатига қараб, уч-беш йиллик шохигача кесиб ёшартирилади, тик ўсадиган навлар кўпроқ, шохлари ёйилиб, косасимон ўсадиганлари эса камроқ кесилади.

Шафтоли экилгандан сўнг (биринчи йили новдасидан) 60–70 см баландликда кесилади ва ундан мустаҳкам 4 новда ҳосил қилишга ҳаракат қилинади. Июнь ойининг охирида бу новдалар оралиғи кенгайтирилади (шпагат ёки тирговуч ёрдамида), дарахтни марказидан тахминан 33о қийшайтирилади. Иккинчи йили эса шу қолган 4 новда ўсиш кучига қараб, 70–80 см узунликда кесилади (чилпинади), ён шохларига деярли тегилмайди.

Ён шохлардан иккинчи йилиёқ ҳосил олиш имкони бўлади. Ҳар бир шохни тепасида ҳосил бўлган ўсиш шохларидан биттаси танлаб олинади ва қолгани олиб ташланади ва яна шох тарбия қилинади. Келаси йили эса бу шох ўсишига қараб яна 70–80 см юқоридан кесилади ва ён шохларига тегилмайди. Дарахтнинг паст қисмида қолдирилган новдалар ҳосил бериш ҳисобига эгилади ва эгилган еридан янги новдалар ўсиб чиқади. Булар ўсиб чиққан шохга тақаб кесилади ва янги шохдан ҳосил олинади. Шу тариқа учинчи йили ҳам шакл берилади.

Шохлар ҳосилни оғирлигидан ёйилиб кетиб, синмаслиги учун гулдан чиққандан сўнг маълум баландликда тўрттала шох айлана қилиб ёки бир-бирига тортиб бойланади. Бундай шакл беришни афзаллиги шундаки, дарахт ортиқча ғовламайди, ҳосилдорлиги анча юқори бўлади, ҳосил асосан танани ичида шаклланади, танасида ҳаво яхши юради ва қуёш нури тушиш даражаси юқори бўлади. Бундай боғларда унумдорлик ҳам анча юқори бўлади.

Катта ёшдаги дарахтларни ёшартириш, бошқа турдаги ёки навдаги дарахтларни қайта улаш – искана пайванд қилиш ишлари ҳам бажарилади. Боғларда дарахтларнинг гуллаш даврида гулларини яхши чангланиши учун асалари уяларини ўрнатиш зарур.

Манба: agro.uz

Улашиш: