Харид Қилиш Саватчаси

Жами

Уруғ ва уни экиш

21/Dekabr/2024 22:01
  1270

Етиштирилаётган экинларнинг ҳосилдорлиги уруғининг сифатига ҳам боғлиқ. Уруққа қўйиладиган биологик ва агротехник талаблар қуйидагилар:

1. Биологик ва агротехник талабларга жавоб берадиган, маҳаллий иқлим-шароитга мослаштирилган - районлаштирилган навлар оддий уруғларга нисбатан 15— 30% юқори ҳосил беради.

2. Қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосили қанча юқори бўлса, унинг уруғи шунча сифатли бўлади. Шунинг учун уруғ етиштириладиган далаларда тупроқнинг унумдор бўлишини таъминлаш, озиқ моддаларнинг етарли бўлишига эришиш, минерал ва органик ўғитлардан фойдаланишни тўғри амалга ошириш зарур. Тупроқ хоссалари мақбул даражада бўлгани маъқул.

3. Уруғнинг тозалиги тўлиқ ниҳол чиқиши, далада ўсимлик тупи тўлиқ бўлишини таъминлайди. Уруғнинг тозалиги қабул қилинган мезон (стандарт) бўйича 3 та синфга бўлинади ва қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

Экинлар

Синф

Асосий экин уруғ, %

Чиқинди ва аралашма, %

Унувчанлиги, %

Кузги буғдой

1

99

1

95

 

2

98,5

1,5

90

 

3

97

3

90

Маккажўхори

1

99,8

0,2

95

 

2

99,5

0,5

90

 

3

99

1

85

4. Экиладиган уруғлар намлиги 14—15% дан ошмаслиги керак. Агар намлик ундан кўп ёки кам бўлса, уруғнинг сифати пасаяди. Намлик жуда юқори бўлса, уруғда содир бўладиган биокимевий жараёнлар жадаллашади, ундаги моддалар миқдори камайиб унувчанлиги пасаяди. Уруғ жуда қуруқ бўлса, униб чиқиши қийинлашади.

5. Уруғ йирик ва бир хил бўлганда куртакнинг ривожланиши учун зарур бўлган озиқ модда кўп бўлади, ниҳол тез ва бир текис униб чиқади. Уруғнинг катталиги 1000 дона уруғнинг массасини тарозида тортиш орқали аниқланади.

6. Уруғ соғлом ва шикастланмаган бўлиши шарт. Бунга эришиш учун экинни ўриб-йиғиштириб олиш ва янчиш вақтида механизм ва комбайнларнинг донни ўтказувчи қисмларини тўғри ўрнатиш ва бошқариш зарур. Акс ҳолда уруғнинг куртаги шикастланади, сифати пасаяди. Уруғлар касалликлар билан ҳам зарарланмаган бўлиши керак.

7. Экилаётган уруғнинг унувчанлиги юқори бўлиши керак. Унувчанлик деганда униб чиққан уруғ миқдорини экилган уруғ миқдорига бўлган фоиз нисбатига айтилади. Уруғ унувчанлигига асосланиб экиш меъёри ва мақбул туп сони режалаштирилади.

8. Уруғнинг униш энергияси — унинг маълум муддатда униб чиқиши. Уруғ қанчалик тез ва қисқа муддатда униб чиқса, шунчалик ниҳолларнинг ўсиши ва ривожланиши бир текис бўлади, ҳосилнинг бир пайтда пишиши таъминланади.

9. Уруғнинг экишга яроқлилиги тозалиги ва унувчанлиги билан боғлиқ бўлиб, ниҳол пайдо бўлиши билан изоҳланади. Буни аниқлаш учун тозалиги билан (99%) унувчанлиги (90%) кўпайтирилиб 100 га бўлинади.

Кўп йиллик тажрибаларнинг кўрсатишича, уруғни экканда, у унгандан сўнг тупроқ ўтирмагани (чўкмагани) маъқул. Шундай қилинса, янги ҳосил бўлган илдиз узилмайди, уруғ тупроққа зич тегиб туради, ниҳолнинг озиқланиши яхшиланади.

Юқори ҳосил олишнинг муҳим омилларидан бири кўчат тупи сонидир. Унумдор тупроқларда ўсимлик яхши ривожланганлиги, бақувват бўлганлиги сабабли туп сони нисбатан кам, унумдорлиги пастроқ тупроқларда ўсимлик нисбатан нимжон ва кичикроқ бўлганлиги учун туп сони кўпроқ бўлади.

Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитида етиштириладиган экинларнинг мақбул туп сони қуйидагича:

Экин тури Уруғ экиш миқдори
ғўза 100—120 минг/га
шоли 2500—3500 минг/га
маккажўхори (дона) 30—40 минг/га
картошка 40—60 минг/га
беда 3000 минг/га
полиз экинлари 15—25 минг/та

Экин экиладиган майдонларда юқорида кўрсатилган туп сони айрим ҳолларда иқлим-шароит, уруғ сифати, экиш жараёнида йўл қўйилган камчиликлар сабабли мўлжалдаги миқдорда бўлмайди. Шу сабабли хато чиққан ерларга қайтадан уруғ экилади. Бу тадбир асосан донли экинлар (буғдой, арпа, сули, нўхот ва ҳ.к.) етиштирилаётган далаларда амалга оширилади. Уруғнинг хато чиққани 1 м2 майдонда кўчат сони 25-30 (текисликда), 30-50 (адирда), 50-60 (тоғ ёнбағирларида) туп бўлганда қайта экилади. Хато чиққан далаларда тупроқ етилиши билан қайта уруғ экилади. Бунда уруғ ўсимлик экилган қаторнинг қаторлаб бороналашдан сўнг сеялка ёки дискали уруғ сочадиган механизм билан экилади.

Манба:

О. Рамазонов, О. Юсупбеков (2003). Тупроқшунослик ва деҳқончилик. Тошкент: «Шарқ».

Улашиш: